Ўзбекистон ва Жанубий Корея ишчи визаси бўйича келишувга эришди

29.09.2025 15:41 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида E-7 малакали ишчи визаси бўйича келишув имзоланди. Бу келишув ёшларга саноат соҳаларида малака ошириш имконини яратади.

Vaz

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги ҳамда Жанубий Кореянинг Гйонгсангнам-до провинцияси ўртасида E-7 туридаги малакали ишчи визаси бўйича ҳамкорлик келишуви имзоланди.

Келишув доирасида Ўзбекистон ёшлари Кореянинг йирик саноат тармоқларида ишлаш орқали ўз билим ва тажрибаларини ошириш имкониятига эга бўлади. Бу визалар худудий тартибда амал қилади ва юқори малакали мутахассислар учун мўлжалланган.

Губернатор Пак Вансу таъкидлашича, бу ҳужжат провинция тарихида хорижий ишчи кучини жалб қилиш бўйича биринчи расмий келишув ҳисобланади. У ўз нутқида: «Биз хорижлик ишчиларда айниқса тил билиш қобилиятига катта эътибор қаратамиз. Ўзбек ёшларининг тайёргарлиги ва билим олиш тизимини юқори баҳолаймиз», — деди.

Учрашувда шунингдек, E-8 туридаги мавсумий ишчи визаси масаласи ҳам муҳокама қилинди. Томонлар келгусида қишлоқ хўжалиги ва балиқчилик соҳаларида ҳам қўшма лойиҳаларни йўлга қўйишга келишиб олдилар.

Маълумот учун, E-7 визаси муайян соҳа ва касбларда малакали мутахассислар учун берилади. E-8 визаси эса қишлоқ хўжалиги ва балиқчиликда мавсумий ишчи кучини жалб қилишга мўлжалланган.