Фармонга мувофиқ, 2026–2027 йилларда «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖ орқали 4 трлн сўмлик молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этилиб, 5 мингта тадбиркорлик лойиҳаси амалга оширилиши режалаштирилган.
2025 йил 1 ноябрдан компания орқали «чемпион» тадбиркорларни шакллантириш мақсадида тижорат банклари орқали ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш йўналишидаги лойиҳаларга 10 млрд сўмгача ресурс ажратилади. Шунингдек, кичик тадбиркорликнинг «яшил» иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги микролойиҳалари 500 млн сўмгача кредитлар билан қўллаб-қувватланиб, уларни 6 фоизгача пасайтирилган ставкаларда қайта молиялаштириш имкони берилади.
2025 йил 1 декабрдан эса йирик тадбиркорларга 10 млрд сўмгача кафолатлар тақдим этилади. Ўрта ва йирик тадбиркорликнинг йирик лойиҳалари учун кафолат миқдори уларнинг айланмасига қараб оширилади. Яхши кредит тарихига эга тадбиркорлар учун кафолат ҳажми амалдаги чегарадан 1,5 бараваргача кўтарилади.
2026 йилдан эътиборан олис ҳудудлардаги кичик ва ўрта бизнесга ҳам алоҳида имтиёзлар берилади. Улар учун ажратилган кредитлар Марказий банк асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори даражасигача қайта молиялаштирилиб, камбағал оилалардан ходим жалб этган тадбиркорлар учун компенсация 2–6 фоизгача оширилади.