Ҳиндистондаги сиёсий митингда 40 киши ҳалок бўлди

29.09.2025 17:29 | 3 дақиқада ўқилади.

Ҳиндистоннинг Тамилнад штатидаги сиёсий митингда юз берган тартибсизликда камида 40 киши ҳалок бўлди.

Hindiston

Карур округида актёрдан сиёсатчига айланган Вижайнинг сайлов тадбирига ўн минглаб одам тўпланди. Оммавий тирбандлик туфайли болалар, аёллар ва эркаклар орасида қурбонлар бўлди ва 50 дан ортиқ киши касалхонага ётқизилгани хабар қилинди.

Тамилнад бош вазири М.К. Сталин қурбонлар орасида тўққиз нафар бола борлигини билдирди. Унинг сўзларига кўра, ҳалок бўлганлар оиласига бир миллион рупиядан (11,3 минг доллар) компенсация тўланади ва воқеа бўйича махсус текширув ўтказилади.

Полиция Виджайнинг ТВК партияси раҳбарларига нисбатан иш қўзғатди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари йиғилиш учун дастлаб 10 минг киши рухсат этилгани, аммо воқеликда одамлар сони икки баробар кўп бўлганини қайд этди.

Фожеадан кейин Вижай халққа онлайн мурожаат қилиб «таърифлаб бўлмас даражада» қайғуга тушганини билдириб, ҳалок бўлганларнинг яқинларига таъзия изҳор қилди ҳамда жабрланувчиларга шифо тилади.

Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди ҳам воқеани «жуда аламли» деб баҳолаб, марҳумларнинг оиласига ҳамдардлик билдирди. Мамлакатда бундай ҳолатлар илгари ҳам қайд этилган, жумладан Кумбх Мела диний байрами ва криккет стадионлари ёнида ҳам ўлим билан тугаган тирбандликлар содир бўлган.