Тошкентда 400 мингдан ортиқ дарахт электрон реестрга киритилди

29.09.2025 17:03 | 2 дақиқада ўқилади.

«Дарахтлар реестри» доирасида Тошкентдаги 400 мингдан зиёд дарахт электрон базага киритилди. Лойиҳа шаҳарнинг яшил майдонларини муҳофаза ва назорат қилишга қаратилган.

Daraxtlar

Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги маълум қилишича, «Дарахтлар реестри» лойиҳаси доирасида пойтахтдаги 400 мингдан ортиқ дарахт green.tashkent.uz платформаси орқали электрон маълумотлар базасига киритилди.

Ҳар бир дарахтнинг нав, ҳолат, ёш ва бошқа хусусиятлари дендролог мутахассислар томонидан текширилмоқда. Бу жараён шаҳардаги яшил ҳудудлар тўғрисида тўлиқ маълумотларни йиғиш ва уларни муҳофаза қилиш имконини яратади.

Лойиҳа «Замин» халқаро жамоат фонди томонидан вазирлик ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Асосий мақсад — пойтахт дарахтларини хатловдан ўтказиш ва уларнинг электрон маълумотлар базасини шакллантиришдир.

Яшил майдонларнинг рақамли харитаси шаҳар аҳолиси турмуш тарзини яхшилаш, табиий муҳитни асраб қолиш, шундан ташқари кўчат экишни режалаштириш ва парваришлаш жараёнларини самарали назорат қилишда хизмат қилиши кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, электрон база орқали жамоатчилик ҳам яшил ҳудудларнинг ҳолати устидан назорат олиб бориши мумкин бўлади.