Сурия собиқ ҳукумати тарафдорлари бўлажак парламент сайловларида номзодларини қўя олмайдилар ва овоз беролмайдилар. Бу ҳақда РИА Новости Сурия Олий сайлов комиссияси аъзоси Ҳасан ад-Дагимга таяниб, маълум қилди.
«Кимки собиқ тузумни қурол, пул ёки фикр билан қўллаб-қувватлаши исботланган бўлса, унга сайловда иштирок этиш, сайланиш ва овоз бериш тақиқланади. Бу Халқ кенгаши аъзоси бўлганлар ёки собиқ тузумни қўллаб-қувватлаган партиялар раҳбариятида бўлганларга ҳам тааллуқли», – деб таъкидлаган ад-Дагим.
Илгари Сурия Олий сайлов комиссияси собиқ президент Башар Асад ҳукмронлиги тугаганидан сўнг мамлакатнинг Халқ кенгашига биринчи сайловлар 5 октябр куни ўтказилишини эълон қилган эди.
Шунингдек, Сурия парламентига бўлажак сайловлар билвосита ўтказилишини – сайлов ҳайъатлари овоз беришини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, уларни шакллантиришда 2011 йилдаги сўнгги аҳоли рўйхатига олиш маълумотларига мувофиқ, Сурия жамиятининг хилма-хиллиги инобатга олинган.
Ад-Дагимнинг таъкидлашича, амалда 7-8 минг киши парламентнинг 140 нафар депутатини сайлайди.