Electronic Arts ва EA Sports компаниялари 55 миллиард долларга сотилди. Харидорлар орасида Саудия Арабистони давлат инвестиция жамғармаси ҳамда «Ньюкасл Юнайтед» клуби эгалари ҳам бор.
Electronic Arts — дунёдаги энг йирик видеоўйин ишлаб чиқарувчиларидан бири. Унинг EA Sports бренди остидаги «FIFA», «Madden NFL», «NHL» ва «UFC» каби машҳур сериялари миллиардлаб доллар даромад келтириб келмоқда. Компания спорт симуляторлари бозорида етакчи ҳисобланади.
Сотув нархи 55 миллиард доллар этиб белгиланиши Electronic Arts’ни дунё бозорида энг қимматбаҳо ўйин компанияларидан бирига айлантирди. Бу сумма охирги йиллардаги ўйин индустриясида энг йирик битимлардан бири бўлди.
Саудия Арабистони ҳукумати сўнгги йилларда рақамли технологиялар ва киберспорт соҳасига катта сармоя киритмоқда. Мамлакат нафақат футбол, балки видеоўйин индустрияси орқали ҳам халқаро нуфузини кучайтиришни кўзламоқда.
Келишувнинг расмий якунланиши ва Electronic Arts раҳбариятидаги ўзгаришлар ҳақида ҳозирча аниқ маълумот йўқ. Аммо экспертлар Саудия сармоялари компаниянинг янги босқичдаги ўсишига хизмат қилиши мумкинлигини таъкидламоқда.