Саудия Арабистонидаги йирик қурилиш компанияси Dar Global компанияси Trump Organization билан ҳамкорликда шаҳар қиёфасини ўзгартириши мўлжалланган иккинчи қўшма лойиҳа – 1 миллиард долларлик «Trump Plaza Jeddah»ни қуриш режасини эълон қилди. Бу ҳақда компания матбуот хизматининг хабарида айтилган.
Қурилиш Жидда шаҳри марказида, Қирол Абдулазиз йўли бўйлаб жойлашади ва юқори тоифадаги турар-жойлар, хизмат кўрсатиладиган апартаментлар, А тоифасидаги офис бинолари ҳамда эксклюзив таунҳаусларни ўз ичига олади. Ушбу лойиҳа декабрда ишга туширилган «Trump Tower Jeddah»дан кейинги йирик қадам сифатида қайд этилмоқда.
«Trump Plaza Jeddah» – Саудия Арабистони учун инновацион ғоя ва Dar Global ҳозирга қадар амалга оширган энг улкан лойиҳалардан биридир», – деди Dar Global бош директори Зиад Эл Чаар.
Зиад Эл Чаарга кўра, мажмуа Ню-Йоркдаги Манҳэттендан илҳомланган бўлиб, марказий боғ ва замонавий шаҳар муҳити уйғунлиги орқали Жиддани Саудиянинг маданий ва тижорат маркази сифатида янада мустаҳкамлайди.
Лойиҳа Саудия Арабистонида иқтисодиётни диверсификация қилишга қаратилган «Vision 2030» дастури доирасида юқори даражадаги кўчмас мулк секторининг ўсиши фонида амалга оширилмоқда. 2024 йилга келиб қироллик инфратузилмага 4,9 триллион Саудия риёли (1,3 триллион АҚШ доллари) сармоя киритиб, бир миллиондан ортиқ янги турар-жой биносини ва етти миллион квадрат метр савдо ҳамда офис майдонларини барпо этишни режалаштирмоқда.
АҚШ президенти Доналд Трампнинг ўғли Эрик Трамп тасдиқлашича, Қизил денгиз соҳилидаги 47 қаватли ҳашаматли мажмуа – «Trump Plaza Jeddah» май ойида қурилиш олди босқичига кирган.