АҚШда хорижлик трак ҳайдовчилар учун янги қоида жорий этилди

30.09.2025 10:00 | 3 дақиқада ўқилади.

2025 йил 26 сентябрда АҚШ транспорт вазири Шон Даффи хорижлик трак ҳайдовчиларга CDL (Commercial Driver’s License) гувоҳномаси бериш қоидалари кескин ўзгарганини эълон қилди.

Fura

АҚШ транспорт вазирлиги ва FMCSA янги фавқулодда қоида қабул қилди. Унга кўра, эндиликда хорижлик ҳайдовчилар CDL олиши учун чекланган виза турларига эга бўлиши шарт.

Янги тартибга мувофиқ, CDL фақат АҚШ фуқаролари, Green Card эгалари ва H-2A, H-2B ёки E-2 визасига эга шахсларга берилади. Бошқа барча визалар асосида берилган гувоҳномалар давлат тизимидан чиқарилади.

Ҳужжатнинг амал қилиш муддати энг кўпи билан 12 ойни ташкил қилади ва у тўғридан тўғри виза ёки яшаш рухсатномасига боғланади. Шу билан бирга, ҳар бир CDL бериш, янгилаш ёки ўзгартиришда SAVE текшируви мажбурий бўлади.

Яна бир муҳим жиҳат — энди барча янгиланишлар шахсан амалга оширилиши лозим, почта ёки масофавий тартибда қабул қилинмайди. Ҳайдовчилар инспекция пайтида инглиз тилида мулоқот қила олиши шарт, акс ҳолда дарҳол хизматдан четлатилиши мумкин.

Федерал идоралар янги тартибга амал қилмаган компанияларни кузатувга олиши мумкин. Бу эса катта молиявий ва ҳуқуқий таваккалчиликларни келтириб чиқаради.

Компаниялар қоидага бўйсунишдан бош тортса, катта молиявий жарималар, юк кечикиши ва ҳатто «хавфли ташувчи» рўйхатига киритилиши мумкин. Хорижий CDL ҳайдовчиларини хизматдан чиқариш компаниялар учун қийин қарор бўлса-да, қонунбузарлик уларни янада катта хавф остида қолдиради.

Янги қоида кўплаб юк ташувчи компанияларга кескин таъсир кўрсатиши мумкин.