Скутер ва мопед иштирокидаги ЙТҲларда 53 киши ҳалок бўлган

30.09.2025 10:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Жорий йилнинг дастлабки 8 ойида скутерлар иштирокида 300 дан ортиқ йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилди.

Moped

Бухоро йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот котиби хабар қилишича, 2025 йил январавгуст ойларида скутер ва мопед иштирокидаги йўл транспорт ҳодисаси натижасида 53 нафар фуқаро ҳалок бўлиб, 259 киши турли тан жароҳатлари олган.

2025 йил 1 октябрдан мопед ва скутер ҳайдовчилари ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлиши, транспорт воситалари эса давлат рўйхатидан ўтказилиши белгиланган. Бу талаблар 25–50 sm³ иш ҳажмли ёки 0,25–4 кВт электр двигателга эга, соатига 25–50 km/h тезликда ҳаракатланувчи воситаларга тааллуқли.

Шунингдек, гувоҳномасиз скутер ва мопед ҳайдаганлар 2 млн 60 минг сўм миқдорида жарима тўлайди.

Халқ демократик партияси ҳукумат қарорига қарши чиқиб, унинг ижтимоий оқибатларига эътибор қаратди. Партия вакиллари таъкидлашича, ҳозирда тахминан 130 минг нафар ёшлар мопед ва скутерлар орқали курерлик хизмати билан шуғулланади ва уларнинг асосий даромад манбаи шу соҳадан иборат.

Партия фикрига кўра, бундай вазиятда ҳайдовчилик гувоҳномаси талабини жорий қилиш ёшлар учун қўшимча тўсиқ яратади ва уларни қийин аҳволга солиб қўйиши мумкин.