«Толибон» бутун Афғонистонни симли интернетдан узиб қўйди

30.09.2025 11:02 | 10 дақиқада ўқилади.

«Толибон» Афғонистон ҳудудининг катта қисмларида оптик интернетни ўчирди. Бу қарор маҳаллий аҳоли томонидан қаттиқ танқид қилинди. Одамлар дунёдан мутлақ узилишдан қўрқмоқда.

Taliban internet

Марям (исми ўзгартирилган) «Толибон» ҳокимиятга келгач, аёлларга кўплаб соҳаларда ишлаш тақиқланганидан сўнг, онлайн таржималар орқали оиласи учун ризқ топиб юрарди.

Бироқ ўтган ҳафта ҳукуматни назорат қилаётган «Толибон» бутун мамлакат бўйлаб оптик интернетни ўчиргач, Марямнинг яшаш воситаси хавф остида қолди, деб ёзмоқда RFE/RL нинг афғон хизмати

Натижада ҳукумат муассасалари, уйлар ва хусусий корхоналар интернетсиз қолди — бу кўплаб вилоятлар ва йирик шаҳарларга тааллуқли.

«Биз интернетнинг ўчирилиши ортидан жуда катта муаммоларга дуч келдик, — дейди мамлакат шимолидаги Мазори-Шариф шаҳрида яшовчи Марям. — Мен оиламнинг боқувчисиман».

«Толибон» 15 сентябрдан бошлаб интернет ўчирилиши ахлоқсизлик тарқалишининг олдини олиш учун амалга оширилганини билдирди. Гуруҳ аввал ҳам интернет орқали тарқалаётган порнография ва «шаҳвоний маданият» ҳақида хавотир билдирган эди.

Танқидчилар эса бу чораларни «Толибон»нинг сўз эркинлиги ва шахсий ҳуқуқларини бўғиш сиёсати деб баҳоламоқда. Ҳаракат 2021 йилда ҳокимиятни қўлга киритгач, айниқса аёллар ҳуқуқларини кескин чеклади, сўз эркинлиги эса қаттиқ назоратга олинди.

АҚШ Давлат департаменти вакили Элизабет Стикнининг изоҳида «Толибон»нинг бундай чекловлари «катта хавотир» уйғотишини айтди ва бу оддий афғонлар ҳаёти ҳамда иқтисодига салбий таъсир қилишини таъкидлади.

2024 йил октябрида «Толибон» одамлар ва ҳайвонлар тасвирини тақиқлашга ҳам ўтган эди. Бу чеклов компьютер ва мобил телефонларда «тирик мавжудотлар акс этган фото ва видеоларни яратиш ва томоша қилиш»ни қамраб олади.

Таҳлилчиларнинг фикрича, кенг полосали интернетнинг ўчирилиши Афғонистонни янада кўпроқ дунёдан узиб қўяди. Мамлакат «Толибон» бошқарувида халқаро саҳнадаги яккалланган ҳолатида қолиши мумкин.

Ҳозирча пойтахт Кобулда интернет чеклови жорий этилмаган. Ушбу чора бутун мамлакатда амалга ошириладими — ҳозирча маълум эмас. Мобил интернет ҳали ҳам кўпчилик ҳудудларда ишлаяпти, бироқ унинг сифати ёмонлашган, нархи эса ошиб кетган.

 

Аёллар учун ягона «қутқарув ҳалқаси»

Афғонистондаги аёллар учун интернет «қутқарув ҳалқаси»га айланганди — 2022 йилда «Толибон» томонидан ишлаш ва ўқиш тақиқланганидан сўнг улар фақат онлайн фаолият орқали яшаш имконига эга эди.

Шундай аёллардан бири — Сурайё (исми ўзгартирилган), у Кобулдаги уйидан туриб халқаро ташкилотда масофавий ишлаган.

«Биз, афғон аёллари, аллақачон жуда оғир аҳволдамиз, — дейди у. — Ҳозирги шароитда ўзимизни ва оиламизни боқишнинг ягона йўли — онлайн иш».

Сурайёнинг таъкидлашича, интернетнинг ўчирилиши уларнинг ҳаётини янада қийинлаштиради: «Мен бу сўнгги умид ва ишимдан ҳам маҳрум бўлишдан қўрқаман».

Афғон аёллари ва ўсмир қизлар таълим тақиқлангандан сўнг, масофавий таълимга ўтганди. Энергия таъминоти ва интернетдаги вақтинча узилишлар ҳам бу жараёнга халақит бериб келаётган эди. Энди эса интернетнинг тўлиқ ўчирилиши уларни ўқиш имкониятидан мутлақо маҳрум қилади.

«Мактабдан ҳайдалганимдан сўнг Wi-Fi менга ўзимни қайта топиш имконини берди, — дейди Назифа. У мактабнинг тўққизинчи синфида ўқиган, аммо “Толибон”нинг тақиқлари туфайли ўқишдан четлатилган. — Энди эса Wi-Fi ҳам ўчирилди. Ҳар қандай умидим сўнди».

«Мен имтиҳон топширдим, жуда кўп ўқидим», — қўшимча қилади у.

 

Диний асоссиз тақиқ

«Толибон» ўзининг қатъий сиёсатини асослаш учун шариат қонунларига ишора қилса-да, ислом уламолари интернетни ўчириш қарори ҳеч қандай диний асосга эга эмаслигини таъкидламоқда.

Қатарда жойлашган Халқаро мусулмон уламолари иттифоқи аъзоси Фазл ал-Ҳадий Вазинга кўра, «Толибон» фақат порнография ёки зўравонликни тарғиб қилувчи сайтларга чеклов қўйиши мумкин. Аммо интернетни тўлиқ ўчириш — муаммонинг ечими эмас.

«Интернетни чеклаш ёки тақиқлаш диний жиҳатдан ҳеч қандай асосга эга эмас, — деди Вазин ўз интервюсида. — Агар бирор нарса нотўғри мақсадда ишлатилиши мумкин бўлса, бу уни умуман тақиқлашни англатмайди».

Унинг фикрича, интернетни ўчириш «мамлакатни тараққиёт ва ривожланиш учун муҳим воситадан маҳрум қилади».

Афғонистондаги иқтисодий инқироз — камбағаллик, очлик ва ишсизлик фонида кенгайтирилган интернет тақиқлари вазиятни янада оғирлаштириши мумкин.

Мамлакат жанубидаги Қандаҳор шаҳрида хусусий компанияга эга бўлган Муҳаммаднинг таъкидлашича, интернетнинг ўчирилиши уни мижозлар ва етказиб берувчилар билан алоқадан бутунлай узди.

«Бу ҳозирги кунда ишимизни тўлиқ фалаж қилиб қўйди, — деди у. — XXI асрда бутун дунё интернетга боғланган, унинг йўқлиги иқтисодий муаммоларимизни оғирлаштиради».

Журналистлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотлар ҳам ушбу чекловни кескин танқид қилди.

«Кенг полосали интернетни тақиқлаш — цензуранинг мислсиз кучайиши бўлиб, журналистларнинг фаолияти ва жамоатчиликнинг ахборотга бўлган ҳуқуқини издан чиқаради, — дейди Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг Осиё дастури координатори Бе Ли Йи. — «Толибон» қатағонларни бас қилиши ва ахборот манбаи бўлган интернетга тўлиқ киришни тиклаши лозим».