Энди дарахтларнинг ноқонуний кесилиши космик мониторинг орқали аниқланади

30.09.2025 12:30 | 3 дақиқада ўқилади.

2026 йилдан геология, ер муносабатлари ва экологияда ҳуқуқбузарликларни аниқлаш мақсадида йил давомида камида уч марта давлат космик мониторинги ўтказилади.

Daraxt

«Иқтисодиёт тармоқларида аэрокосмик маълумотлардан фойдаланишни кенгайтириш ва қишлоқ хўжалиги қуйи бўғинида бошқарув тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент Фармони (ПФ–177-сон, 26.09.2025 й.) қабул қилинди.

Фармонга кўра, ер қаъридан ўзбошимчалик билан фойдаланиш, ер майдонларини ноқонуний эгаллаб олиш ёки чиқиндилар учун янги ҳудудлар ташкил этиш ҳолатлари аниқланади. Ваколатли органлар маълумотларни рақамли тарзда SGM платформасига тақдим этади.

Дарахтзорларнинг ноқонуний кесилиши ҳам энди космик технологиялар орқали кузатиб борилади. 2026 йилда Тошкент вилояти Бўка туманида юқори кучланишли электр тармоқлари ҳолати ва Сурхондарёда қуёш панеллари жойлаштириш мумкин бўлган майдонлар аэрокосмик мониторингдан ўтказилади.

Шунингдек, транспорт соҳасида Тошкент–Ангрен темир йўлида йўл ҳолатини кузатиш тизими йўлга қўйилади. Бу эса инфратузилмани тезкор назорат қилиш имконини яратади.

Қишлоқ хўжалигида ҳам тизим янгиланиб, сомонпояларни ёқиш каби салбий ҳолатларга чек қўйилади. Экология вазирлиги ва Ўрмон агентлиги аниқланган ҳолатларни 5 кун ичида ўрганиб, натижаларни рақамли базада қайд этади. 2026 йилдан ҳудудларда космик маълумотлардан самарали фойдаланиш бўйича рейтинг жорий этилади.