Тошкент авиация заводи нега ёпилган? — Исмоил Жўрабеков хотираларидан

30.09.2025 17:20 | 7 дақиқада ўқилади.

Тошкент авиация заводи қудратли йилларида ҳажми бўйича дунёда тўртинчи ўринни эгаллаган. Аммо СССР парчаланиши билан вазият бутунлай ўзгарди. Собиқ қишлоқ ва сув хўжалиги вазири, марҳум Исмоил Жўрабеков эса унинг ёпилиши Ислом Каримов қарори билан боғлиқ эканини таъкидлаган.

Tapoich

Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси (ТАПОиЧ) Ўзбекистон саноати тарихида алоҳида ўрин тутган йирик корхона эди. Заводнинг илдизи 1932 йилда Москва яқинида ташкил этилган ремонт заводидан бошланади. Иккинчи жаҳон уруши йилларида, 1941 йил охирида корхона Тошкентга эвакуация қилинди ва 1942 йилдан бошлаб пойтахтда самолёт ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Шу тариқа авиация завод Марказий Осиёдаги энг йирик машинасозлик мажмуасига айланди.

Заводда турли даврларда машҳур самолётлар ишлаб чиқарилди: Лисунов Ли-2, Ил-14, Ан-12, Ан-22 «Антей», Ил-76 ва Ил-78 транспорт учоқлари ҳамда йўловчи Ил-114. Айниқса, Ил-76 дунёга машҳур бўлиб, 1980-йиллар ўрталарида ҳарбий-транспорт авиациясининг асосий самолётига айланди. Тошкентда жами 900 дан ортиқ Ил-76 ишлаб чиқарилган, улардан 100 дан ортиғи экспорт қилинган.

Шунингдек, Киевда ишлаб чиқарилган «Руслан» ва «Мрия» учоқларининг қанотлари ҳам Тошкентда тайёрланган. ТАПОиЧ ўзининг қудратли даврида 55–70 минг ишчига эга бўлиб, ҳажми бўйича дунёдаги «Airbus», «Boeing» ва «Lockheed»дан кейин тўртинчи ўринда турарди. Собиқ Иттифоқда эса энг йирик авиация заводи сифатида танилган. 

Заводни кўрган одамлар «дарвоза очилиши билан катта кўча бўйлаб ўтадиган трамвайнинг электр симлари ерга тушириларди, самолёт завод эшигидан мағрур чиқиб келар эди…», деб эслашади.

Аммо СССР парчаланиши билан вазият кескин ўзгарди. Буюртмалар камайди, эҳтиёт қисмлар таъминоти қимматлашди, лицензия ва сертификат муаммолари юзага чиқди. 2000-йилларда Россия билан Хитойга «Ил-76» сотиш бўйича келишмовчилик ТАПОиЧнинг иқтисодий имкониятларини янада чеклади.

Бу масала юзасидан ўз даврида машҳур давлат арбоби Исмоил Жўрабеков ҳам очиқ фикр билдирган. У 2025 йил 28-сентябр куни 94 ёшида вафот этди. Уни хотирлар экан, журналист Илёс Сафаров Жўрабековнинг Тошкент авиация заводи ёпилиши ҳақида айтган сўзларини эслаб ўтди:

«СССР йўқ бўлар экан, барча завод, фабрикалар тақатақ тўхтаганди. Лекин шуниям айтишим керак, Ислом Каримовнинг айби билан Тошкент авиация заводи Ўзбекистондан кетди. Фақат унинг айби билан. Русларнинг бу заводни Тошкентдан олиб кетиш нияти йўқ эди. Каримов нима сабабдан бу заводни ёптириб юборганини ҳали ҳам тушунмайман. Россиядагилар келди ва заводнинг 51,5 фоизи Россияники, 49,5 фоизи сизниники бўлади, деди. Каримов рози бўлди. Аммо 15 кун ўтмай, ҳеч кимга ҳеч нарса демасдан, заводни тақатақ ёпиб ташлади. Бу заводда 70 минг одам ишларди, Ўзбекистон иқтисодиётининг деярли 20 фоизини шу завод тортарди. Завод ҳар ойда 3 та самолёт чиқарарди, бу ҳазил кўрсаткич эмас».

Жўрабековнинг фикрича, Каримовни кимдир йўлдан урган, чунки бундай гигант саноат маскани на Ўзбекистонда, на бутун Марказий Осиёда бошқа йўқ эди. Россияликларнинг ҳам бу қарордан жаҳли чиққан, ҳамма ускуна ва станоклар Россияга олиб кетилган, заводнинг Андижон ва Фарғонада ҳам филиаллари мавжуд бўлган.

Натижада 2010 йилда ТАПОиЧ расман банкрот деб эълон қилинди. 2012 йилда «Тошкент механик заводи» деб қайта номланди, 2015 йилдан «Ўзбекистон темир йўллари» таркибига қўшилди. 2019 йилдан бошлаб завод майдонининг бир қисмида «Технопарк» барпо этилди. Ҳозир у ерда маиший техника, лифт, кондиционер ва бошқа саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда.

Чкалов номидаги ТАПОиЧ ўз даврида бутун дунё бўйича машҳур бўлган саноат маркази эди. У юзлаб самолётларни ишлаб чиқарди, минглаб одамларни иш билан таъминлади ва Ўзбекистонни глобал авиация харитасига киритди. Лекин мустақилликдан кейинги сиёсий қарорлар, геосиёсий босим ва иқтисодий муаммолар унинг тугашига олиб келди.