Bank of Georgia россиялик мижозларига чеклов жорий қилди

22.05.2025 19:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Гуржистоннинг йирик банкларидан бири — Bank of Georgia россиялик мижозларига дунё бўйлаб люкс дўконларда 300 доллар ёки евродан ортиқ харидлар учун тўловларни чеклади. Бу чора халқаро санкциялар асосида жорий этилди ва тўлов карталари орқали автоматик назорат қилинади.

Bank of georgia

Банк томонидан мижозларга юборилган расмий хатда таъкидланишича, Visa ва Mastercard тўлов тизимлари орқали амалга ошириладиган бундай транзакциялар Гуржистонда ҳам, бошқа мамлакатларда ҳам блокланади. Санкциялар асосида бундай маҳсулотларнинг Россияга етказиб берилиши тақиқланган ва энди ушбу талабларни банклар назорат қила бошлади.

Bank of Georgia вакили РБКга маълум қилишича, ушбу чекловлар банкнинг шахсий ташаббуси эмас, балки миллий регулятор талабларига мувофиқ амалга оширилмоқда. Кўплаб мамлакатларда люкс дўконлар россияликларни аниқлашда қийналаётган бир пайтда, банк орқали автоматик фильтрлаш янги ёндашув сифатида баҳоланмоқда.

Аввалроқ россияликлар Дубай, Ницца ва Римдаги люкс дўконларда ҳам шундай тўсиқларга дуч келгани хабар қилинган. Бироқ, экспертларнинг таъкидлашича, бошқа банклар томонидан бундай текширувлар ҳозирча амалга оширилмаган.

Мутассаддилар фикрича, Россияга қўшни давлатлар банклари бундай чекловларни кенгроқ татбиқ этиши эҳтимолдан холи эмас. Бу айниқса, Россиядан оммавий кўчиб ўтиш фонида санкцияларнинг қатъийроқ амалга оширилишини кўрсатади.