Тошкент вилоятида мактабгача таълим муассасаларида заҳарланишдан сўнг шифохоналарга ётқизилган болаларнинг асосий қисми оиласи бағрига қайтди. Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги махсус штаб аъзоси Нурмат Отабековнинг маълум қилишича, ҳозирда фақат уч нафар бола шифокорлар кузатувида қолмоқда.
«Улар асосий ҳолатдан тўлиқ соғайган бўлиб, даволаш жараёнида уларда олдиндан мавжуд касалликлар аниқлангани сабабли, қўшимча тиббий кузатув остида қолдирилган. Бу болаларнинг ҳам аҳволи барқарор ва яқин кунларда уйларига жавоб берилади. Шундай қилиб, тиббий тадбирлар тўлиқ якунланди, шифохоналар эса ўзининг одатий иш фаолиятига қайтди», деди у.
Шу билан бирга, Санитария-эпидемиологик осойишталик қўмитаси мамлакат бўйлаб барча таълим муассасаларида овқатланиш хизматлари устидан назоратни кучайтираётгани қайд этилди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги 2 октябрдан вилоятдаги барча боғчалар ўз фаолиятини одатий иш режимида давом эттиришини маълум қилди. Баёнотга кўра, назорат механизмлари кучайтирилади ва айрим боғчаларда аутсорсинг асосида ишлаётган овқатланиш хизматларига қўшимча талаблар қўйилади.
Вазирлик таъкидлашича, шартномаларда санитария меъёрларига қатъий амал қилиш белгиланган бўлиб, бу талабларга риоя этилмаган тақдирда шартномалар қайта кўриб чиқилади ёки бекор қилинади. Шунингдек, хизматлар сифати устидан назорат ота-оналар, экспертлар ва журналистлардан иборат жамоатчилик комиссияси иштирокида амалга оширилади.
Мазкур чоралар нафақат мавжуд ҳолатни бартараф этишга, балки келгусида бу каби ҳолатларнинг олдини олишга ҳам қаратилган. Вазирлик прокуратура, иқтисодиёт ва молия ҳамда соғлиқни сақлаш идоралари билан ҳамкорликда барча зарур ишлар бажарилишини маълум қилди.