Президент 10 кунлик фавқулодда ҳолат эълон қилди

30.09.2025 19:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда пахта йиғим-теримини йўқотишсиз ташкил этиш мақсадида 10 кунлик фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Бу ҳақда 26 сентябр куни бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилинди.

PresidentФото:president.uz

Президент Шавкат Мирзиёев муаммоли ҳудудларда оператив штаблар тузиш, пахтани сифатли йиғиш ва фермерларнинг долзарб муаммоларини зудлик билан ҳал қилишни топширди. Шунингдек, прокуратура органларига ҳисоботларнинг ҳаққонийлигини таъминлаш, сохта рақамларга йўл қўймаслик ва пул тўловларини назорат қилиш вазифаси юкланди.

Жорий йилда мамлакат бўйлаб 875 минг гектар майдонга пахта экилиб, 3,7 млн тонна хомашё йиғиб олиш шартномалари тузилган. Ялпи теримда 1600 дан ортиқ пахта териш машиналари иштирок этмоқда, фермерлар арзон нархларда ёқилғи ва ўғитлар билан таъминланган. Шу билан бирга, Самарқанд, Сирдарё ва Навоий вилоятларида йиғим-терим суръати қониқарсиз деб баҳоланди.

Қишлоқ хўжалиги давлат қўллаб-қувватлаш фонди директори Абдурашид Исроиловнинг таъкидлашича, энди теримчилар пулни ҳар куни майдоннинг ўзида нақд олади. Бунинг учун фонд маблағлари ва тижорат банклари имкониятлари жалб этилмоқда.

Ички ишлар вазирининг ўринбосари Саидкарим Нишонбаев эса жамоат тартибини таъминлаш, техника хавфсизлиги ва терилган пахтани қабул пунктларига етказишда назорат кучайтирилишини билдирди. Мамлакат бўйлаб 418 қабул пункти қўриқланмоқда, барчаси ягона электрон тарозиларга уланиб, рақамлаштирилган.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотига кўра, техника орқали йиғилган пахтанинг ҳар килосига 1373 сўм, қўлда йиғилганига эса ўртача 2000 сўм тўланади. Фермерлар давлат бюджети ҳисобидан ҳар килога 1000 сўм субсидия олади.