Давлат хизматчилари учун «MyDX» иловаси ишга туширилди

30.09.2025 20:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Ушбу инновацион платформа орқали хизматчилар шахсий маълумотларни бошқариш, иш ўринларига ариза топшириш ва малакасини ошириш имкониятига эга бўладилар.

Mydx

Ўзбекистонда давлат хизматчилари фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида «MyDX: Davlat xizmatchisi» мобил иловаси ишга туширилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди. Лойиҳа Президент ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги ташаббуси билан амалга оширилди.

Илова орқали давлат хизматчилари ўз шахсий маълумотларини бошқариши, ташкилоти учун янги ташаббуслар тақдим этиши ва ривожланиш режаларини белгилаши мумкин. Шунингдек, бўш иш ўринларига онлайн ариза топшириш ва карьерада юқори босқичларга чиқиш имконияти яратилади.

Платформа хизматчиларга турли онлайн курсларда ўқиш, сертификат олиш ва электрон китоблардан фойдаланиш имконини ҳам тақдим этади. Бу уларнинг малакасини ошириш ва замонавий билимларга эга бўлишида қўл келиши кутилмоқда.
Илованинг қулай интерфейси ва замонавий дизайни фойдаланувчилар учун барча хизматларни бир жойда тақдим қилади. Энг асосийси, хизматдан мутлақо бепул фойдаланиш мумкин.

«MyDX: Davlat xizmatchisi» иловасини Google Play ва AppStore орқали юклаб олиш мумкин. Янги рақамли платформа давлат бошқарувини самарали ва интерактив йўналишда ривожлантиришга хизмат қилишикутилмоқда.