2024 йил бошидан бери камида 85 нафар хитойлик олим АҚШдан ўз ватанига қайтиб, маҳаллий илмий муассасаларда иш бошлади. Бу ҳақда CNN нашри хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Хитой университетлари ва корпорациялари хорижлик олимларга юқори маош, йирик бонуслар ва кенг имтиёзлар таклиф қилмоқда. Бу эса АҚШда фаолият юритаётган олимларни ўз ватанига қайтишга ундаяпти.
Қайд этилишича, Оқ уйнинг илм-фанга сарф-харажатларни қисқартириш ва хорижий кадрлар устидан назоратни кучайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари фонида мутахассисларнинг чиқиб кетиши кучайиши мумкин. Хитой эса, аксинча, инновацияларга сармояни фаол равишда оширмоқда.
«Бу Вашингтон ва Пекин ўртасидаги сунъий интеллект, квант ҳисоблаш, ярим ўтказгичлар, биотехнология ва ақлли ҳарбий қурилмалар каби келажакни шакллантирувчи соҳаларда ҳукмронлик қилиш учун бўлаётган рақобатга таъсир кўрсатиши мумкин», дейилади CNN хабарида.
Маълумотларга кўра, 2023 йилнинг ўзида Пекин илмий тадқиқотларга 780 миллиард доллардан ортиқ маблағ сарфлаган ва харажатлар ҳажми бўйича Қўшма Штатлар билан деярли тенглашган.
Стенфорд университети тадқиқотига кўра, 2010–2021 йиллар оралиғида АҚШдан Хитойга тахминан 12,5 минг олим кўчиб ўтган.