Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев байрам муносабати билан ўқитувчи ва мураббийларни табриклади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Мирзиёев ўз табригида сўнгги саккиз йилда таълим соҳасига 378 триллион сўм ажратилгани, юзлаб мактаб ва боғчалар қурилгани ҳамда педагогларни қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилаётганини маълум қилди.
Президентнинг таъкидлашича, мамлакатда қисқа вақт ичида боғчалар сони 5 мингдан 38 мингтагача кўпайган, қамров даражаси эса 27 фоиздан 78 фоизгача ошган. Шунингдек, тарбиячилар маоши мактаб ўқитувчилари ойлигига тенглаштирилиб, раҳбар ва педагогларнинг иш ҳақи икки баробарга яқин оширилган.
Мирзиёев таълим тизимидаги ислоҳотларнинг халқаро эътирофга эга бўлаётганини қайд этиб, БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида Ўзбекистоннинг ютуқлари алоҳида таъкидланганини эслатди. Президентнинг сўзларига кўра, кейинги йилдан мамлакат бўйлаб «Янги авлод» боғчалари ташкил этилиб, замонавий педагогик технологиялар жорий қилинади.
Шунингдек, янги ўқув йилидан 12 йиллик мактаб таълими ҳамда 9- ва 11-синф ўқувчилари учун ягона давлат имтиҳонлари жорий қилиниб, уларнинг натижалари бўйича битирувчилар бевосита техникум ва олийгоҳларга кира оладиган тартиб йўлга қўйилади.
Президент педагогларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш мақсадида қатор имтиёзларни жорий этишни маълум қилди. Жумладан, 15 йиллик стажга эга олий тоифали ўқитувчилар учун ипотека кредити бошланғич бадалининг 25 фоизи давлат томонидан қопланади. Шу билан бирга, устозларнинг фарзандлари олийгоҳларда ўқиш учун контракт маблағининг 30 фоизигача чегирма олади, замонавий компьютер техникаси хариди учун эса 10 млн сўмгача имтиёзли кредит ажратилади.
«Мухтасар айтганда, ўқитувчи ва мураббийлик касбини жамиятимиздаги энг муҳим ва обрўли касбга айлантириш бўйича бошлаган ишларимиз изчил давом эттирилади», – деди Мирзиёев.
Президент устоз ва мураббийларга «Учинчи Ренессанс» авлодини тарбиялашда ишонч билдириб, уларга мустаҳкам соғлиқ ва оилавий бахт тилади.