Ўзбекистонда 2 октябрдан ипотека субсидиялари бўйича аризалар қабул қилиш бошланади. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Президент Шавкат Мирзиёев 21 февралда имзолаган фармонга кўра, уй-жой ва ипотека бозорини ривожлантириш мақсадида субсидиялар квотаси 1,5 баробарга — 30 мингтагача оширилди. Мазкур мақсадларга 2,5 трлн сўм йўналтирилади.
Субсидия олиш учун ариза давлат хизматлари марказларига ёки электрон тарзда Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва MyGov мобил иловаси орқали топширилиши мумкин. Ариза берувчи ижтимоий мезонлар асосида камида 30 балл тўплаши керак.
Даромад талаблари қайта кўриб чиқилди: Тошкентда 2,7–9,2 ЭКИҲ (3,43–11,69 млн сўм), ҳудудларда эса 2,7–8 ЭКИҲ (3,43–10,16 млн сўм) оралиғида бўлиши шарт. Шу билан бирга, ариза берувчи ва унинг турмуш ўртоғи номида уй-жой бўлмаслиги керак.
Субсидияда устуворлик қуйидаги шахсларга берилади: меҳнат мигрантлари, 30 ёшгача бўлган ёшлар, ажрашган аёллар, ёлғиз оналар, бевалар, тиббиёт ходимлари, узоқ ҳудудлардаги мутахассислар, шунингдек, муҳандислик, қурилиш ва ишлаб чиқариш соҳасидаги ўқитувчилар ҳамда ногиронлиги бор шахслар.