АҚШ давлат қарзи ортиши фонида олтин 4 кундан бери ўсмоқда

22.05.2025 17:20 | 2 дақиқада ўқилади.

Олтин нархи 22 май куни сўнгги икки ҳафтадаги энг юқори нуқтага етди. Рейтер агентлигининг хабар беришича, ушбу ҳолат АҚШ давлат қарзи борасидаги хавотирлар ортиб бориши билан боғлиқ. Спот бозорида бир трой унция олтин нархи 3312,68 доллар даражасида мустаҳкамланди. Saxo Bank таҳлилчиси Уле Ҳансеннинг таъкидлашича, Moody’s агентлиги АҚШнинг кредит рейтингини «Aa1» даражага туширгач, олтинга бўлган талаб […]

Gold4

Олтин нархи 22 май куни сўнгги икки ҳафтадаги энг юқори нуқтага етди. Рейтер агентлигининг хабар беришича, ушбу ҳолат АҚШ давлат қарзи борасидаги хавотирлар ортиб бориши билан боғлиқ. Спот бозорида бир трой унция олтин нархи 3312,68 доллар даражасида мустаҳкамланди.

Saxo Bank таҳлилчиси Уле Ҳансеннинг таъкидлашича, Moody’s агентлиги АҚШнинг кредит рейтингини «Aa1» даражага туширгач, олтинга бўлган талаб ортди. Солиқ қонунчилиги борасидаги янги ташаббуслар ҳам инвесторларни эҳтиёткорликка ундаётгани қайд этилмоқда.

Айни пайтда, АҚШ доллари ва фонд бозорларида заифлик кузатилмоқда. Бу эса анъанавий хавфсиз активлар сирасига кирувчи олтиннинг қийматини янада оширмоқда. Moody’s фикрига кўра, АҚШнинг умумий давлат қарзи 36 трлн долларга етган ва яна бир неча трлн долларга ошиши мумкин.

Конгрессда Доналд Трамп томонидан таклиф этилган солиқ имтиёзлари лойиҳаси муҳокама қилинмоқда. Унинг қабул қилиниши бюджетга яна катта босим юклаши мумкин. Бу эса бозорларда янги хавотирларни келтириб чиқарган.

Шу пайтда бошқа қимматбаҳо металлар пасайишни бошлади: палладий 2,78 фоизга арзонлаб, 1008,7 доллар, кумуш 0,29 фоизга тушиб, 33,28 доллар, платина эса 1,08 фоизга пасайиб, 1064,83 доллар даражасини ташкил этди.