Нетаняҳу: Фаластин давлати ҳам, назоратсиз Ғазо ҳам бўлмайди

01.10.2025 10:25 | 2 дақиқада ўқилади.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Доналд Трамп билан ишлаб чиқилган режа Ғазо устидан назоратни сақлаб қолишни ва Фаластин давлатини тузишни мутлақо инкор этишини билдирди.

Netanyahu trump 3

Бинямин Нетаняҳу АҚШ президенти Доналд Трамп билан биргаликда тақдим этилган Ғазо бўйича режа орқали ҲАМАСни «бурчакка қамаш»га эришганини айтди. Унинг таъкидлашича, халқаро ҳамжамият, шу жумладан араб ва ислом олами, ҲАМАСни мазкур шартларни қабул қилишга мажбур этмоқда.

Режага кўра, Исроил Ғазодаги асирларини озод қилишга эришиши, бироқ ҳудуднинг катта қисмида назоратни сақлаб қолиши кўзда тутилган. Нетаняҳу «Фаластин давлатини барпо этиш мутлақо истисно қилинган», деб қўшимча қилди.

Шу билан бирга, Исроил молия вазири Бецалел Смотрич бу позицияни «дипломатик фожиа» деб атади. Унингча, Трамп режаси келажакда Исроилни яна Ғазода урушга тортади ва келишувларни қайта кўриб чиқишдан воз кечиш мамлакатни заифлаштиради.

Смотрич ва унинг тарафдорлари Ғазони тўлиқ босиб олиш, фаластинликларни мажбуран у ердан сиқиб чиқариш ва секторда янги ноқонуний яҳудий манзилгоҳлари қурилишини талаб қилмоқда.