Қамал қилинган Россия иқтисодиёти ҳозирча ўзини тутиб турибди — The Economist

01.10.2025 15:35 | 9 дақиқада ўқилади.

«Яхши кунлар бутунлай ортда қолди, аммо иш ҳақи ўсиши ҳали ҳам сақланиб турибди», — деб ёзади The Economist журнали Россия иқтисодиётининг ҳозирги ҳолатини баҳолар экан.

Russia sanctions kremlin

Қуйида журналда эълон қилинган мақоланинг таржимасини келтирамиз.

Яқинда АҚШ молия вазири Скотт Бессент Россия–Украина уруши жараёнини таърифлаш учун метафорадан фойдаланди. «Биз бир пойгада иштирок этяпмиз, — деди у. — Украина армияси қанча вақтгача бардош бера олади ва Россия иқтисодиёти қанчагача етиб бора олади — масала шунда». Унинг сўзларига кўра, Ғарб санкцияларининг янада кучайтирилиши, жумладан, Россия нефт маҳсулотларини сотиб олувчи давлатларга нисбатан тарифлар жорий қилиниши Россия иқтисодиётини «тўлиқ ҳалокат»га олиб келади ва Владимир Путинни «музокаралар столига ўтириш»га мажбур қилади.

Шу нуқтайи назардан қаралганда, Россия қай даражада заифлашган? Ҳозирда дунёда ҳеч қайси давлат бу қадар кўп санкцияларга дуч келмаяпти. Европа Иттифоқи 18 та чекловлар пакитини қабул қилди, санкцияларнинг 19-пакети эса 19 сентябр куни Европа комиссияси томонидан таклиф этилди. АҚШ эса тахминан 5000 нафар жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан санкциялар жорий этган. Шунга қарамай, бу чекловлар ҳамласида бир неча бор башорат қилинган иқтисодий таназзул рўёбга чиқмади. 2022 йилда қисқа рецессиядан сўнг Россия иқтисодиёти кейинги икки йилда ўсиш кўрсатди.

Бироқ ҳозирги кунда бу ўсиш деярли тўхтаган. 2025 йил июл ойида ЯИМ ўтган йилнинг шу ойига нисбатан бор-йўғи 0,4 фоизга ўсган; реал вақтда олинаётган маълумотлар ҳам худди шундай манзарани кўрсатмоқда. Харидлар бўйича менежерлар орасида ўтказилган сўровнома асосида шакллантирилган индексга кўра, сўнгги бир неча ойда бизнес фаоллиги пасайган. Корхоналарнинг фойдаси суст ўсмоқда, бу фонд бозорига босим ўтказмоқда, реал иш ҳақи ўсиши ҳам секинлашган. Иқтисодий сиёсатчилар ва назорат органлари масъулиятни бир-бирларига юкламоқда. 2023–2024 йиллар давомида кузатилган иқтисодий «тантана» ўз ниҳоясига етди.

Sank 01
Россиядаги жорий иқтисодий фаоллик индикатори, йиллик ифодада аввалги ойга нисбатан фоиз ҳисобидаги ўзгаришлар. Инфографика: The Economist

Иқтисодий «тантана»нинг якун топишига бир нечта омиллар сабаб бўлди. Аввало, Путин ҳукумати «фискал алкогол» сиёсатини бекор қилди. 2023 йилда давлат бюджети харажатлари ЯИМнинг 5 фоизи миқдорида ошган бўлса, жорий йилда аксинча, эҳтиёткорлик билан тежамкорлик сиёсати юритилмоқда. Инфратузилма ва ҳарбий-саноат комплексини қўллаб-қувватлашга қаратилаётган йирик маблағлар энди кўринмаяпти.

Молиявий сиёсат ҳам ушбу суръатларни пасайтиришга ҳисса қўшди: 2023–2024 йилларда Россия Марказий банки инфляцияни жиловлаш учун асосий фоиз ставкасини кескин оширди. Қиммат қарзлар аҳолини сарфлаш ўрнига пулни тежаб туришга ундади.

Санкциялар таъсири эса у қадар очиқ-ойдин эмас. Ғарб чекловларига дуч келган асосий экспорт товар — нефт ишлаб чиқариш ҳажми пасаймоқда. 2025 йилнинг январ–март ойларида Россия асосан нефт билан боғлиқ товарлар экспортидан 96 млрд доллар ишлаб топган, 2022 йил бошида эса бу кўрсаткич 155 доллар млрд бўлган. Лекин иқтисодий шароитдаги ўзгаришлар ҳам бу камайишни изоҳлайди: йил бошидан рубл мустаҳкамланди — бу экспорт тушумларини камайтирди. Жаҳон бозорида нефт нархи паст. Қиммат қарзлар эса нефт қазиб чиқаришни молиялаштиришни мураккаблаштирди.

Европа Иттифоқининг сўнгги санкциялар пакети Россия учун вазиятни янада оғирлаштириши мумкин. Бу пакет, жумладан, Россия нефт маҳсулотларини сотиб олаётган ва Россияни товарлар билан таъминлаётган компанияларга нисбатан жазо чораларини назарда тутади.

Аммо тажриба шуни кўрсатмоқдаки, қанчалик пухта ишлаб чиқилмасин, санкцияларни четлаб ўтишнинг йўллари бор. Санкцияларга қўшилмаган учинчи давлатлар орқали реэкспорт индустрияси фаол ишламоқда, бундай йўлларни назорат қилиш жуда қийин.

Масалан, Goldman Sachs банки ЕИнинг Россия нефтидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни импорт қилишни тақиқлаш уриниши юзасидан шундай хулоса берган: «Бу тақиққа риоя қилиш жуда мураккаб, чунки кўп портли реэкспорт ва нефтни қайта ишлашдаги шаффофлик етишмаслиги унинг келиб чиқишини кузатишни қийинлаштиради». Баъзи ҳолларда Россия бутунлай бартерга ўтаяпти (масалан, ғалла эвазига автомобил), бу эса халқаро пул ўтказмаларидан қочиш имконини беради.

Sank 02
Россиядаги истеъмолчилик кайфияти индекси. 2008 йилнинг марти 100 деб олинган. Инфографика: The Economist

Иқтисодий ўсишнинг секинлашиши, ҳатто «илма-тешик» санкциялар шароитида ҳам, эҳтимол, Путинни музокаралар столига ўтиришга мажбур қилар. Аммо бу вақт олиши мумкин. Ҳозирча иқтисодиётнинг «жойида депсиниб қолиши» меҳнат бозорига сезиларли таъсир кўрсатгани йўқ: реал иш ҳақи тарихий рекорд даражага етди, ишсизлик эса тарихий паст даражада. Ғарбдаги қоронғи кайфиятлардан фарқли ўлароқ, россияликлар ўз иқтисодий аҳволларидан ўзларини ҳеч қачон бу қадар ишончли ҳис қилмаган

Бироқ, шу билан бирга, Украина молиявий жиҳатдан тобора оғир аҳволга кириб бормоқда. Агар Америка ва Европа ўз иттифоқдошининг бу пойгада ютиб чиқишини истаса, унга «эски пойабзал» эмас, балки ишончлироқ «кроссовка» керак бўлади.