Руминия Конституциявий суди сайлов натижаларини бекор қилишдан бош тортди

22.05.2025 21:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Руминияда консерватив сиёсий ҳаракат вакили Жордже Симион сайлов натижаларида ташқи аралашув бўлганини даъво қилган эди. Аммо Конституциявий суд унинг талабини асоссиз деб топиб, президентлик сайлови натижаларини ўзгартишдан бош тортди.

Ruminiya

Руминия Конституциявий суди 22 май куниги йиғилишида президентлик сайлови натижаларини бекор қилиш бўйича номзод Жордже Симион томонидан берилган аризани кўриб чиқди ва уни бир овоздан рад этди. Суд қарори якуний бўлиб, бу ҳақда Марказий сайлов комиссиясига хабар берилган.

Симион 18 май куни бўлиб ўтган сайловнинг иккинчи босқичида Бухарест мэри Никушор Данга ютқазди. Натижаларга кўра, Дан 54 фоиз, Симион эса 46 фоиз овоз тўплади. Симион сайловга «давлат ва нодавлат субъектларининг ташқи аралашуви» бўлганини даъво қилиб, натижаларни бекор қилишни сўраган.

Ушбу даъво 2024 йил ноябридаги президентлик сайловлари натижаларини эсга солади. Ўшанда ҳам «Руминия бирлиги» партияси вакили Кэлин Джеорджеску ғалаба қозонган ва кейинчалик Конституциявий суд томонидан сайлов натижалари бекор қилинган эди.

Бу сафар Симионнинг шикояти кенг жамоатчилик эътиборини тортди. Аввалроқ Telegram асосчиси Павел Дуров Франция ҳукумати Руминиядаги «консерватив овозларни ўчиришга» уриниб, мессенжердан талаб қилаётганини маълум қилганлиги ҳақида хабар бергандик. У ўз баёнотида, агар румин демократиясига ёрдам берса, Румынияга келиш ва гувоҳлик беришга тайёр эканини айтди.

Шу билан бирга, Франция ташқи ишлар вазирлиги бу айбловларни рад этди. Айни пайтда Дуров Францияда назоратда бўлиб, у ерда унга нисбатан жиноий иш очилган. Шу боис, унга мамлакатдан чиқиш учун ҳукумат рухсати керак.