Турк компанияларига санкциялар қўлланилди

01.10.2025 22:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Уларнинг айримлари баллистик ракеталар, ҳаво мудофаа тизимлари, вертолётлар ва ҳарбий авиация учун зарур технология ҳамда ускуналар етказиб бериш билан шуғулланади.

Turk

АҚШ Молия вазирлиги Эроннинг ҳарбий-саноат мажмуаси учун халқаро таъминот занжирларига алоқадор 21 та компания ва 17 нафар жисмоний шахсга нисбатан санкциялар жорий этди. Бу ҳақда вазирлик баёнотида маълум қилинган.

Берилган маълумотларга кўра, чекловлар Эрон, Хитой, Гонконг, Германия, Туркия, Португалия ва Уругвайда баллистик ракеталар, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, вертолётлар ва ҳарбий авиация ишлаб чиқариш учун зарур технологиялар ҳамда ускуналарни етказиб бериш билан шуғулланувчи ташкилотлар ва воситачиларга таъсир кўрсатган.

Вашингтон таъкидлашича, бу тармоқларнинг фаолияти «Эроннинг ҳарбий салоҳиятини кучайтиришга хизмат қилади ва АҚШ ҳарбий хизматчилари, кемалари ҳамда фуқаролари учун таҳдид туғдиради». Санкциялар рўйхатига киритилган компаниялар ва жисмоний шахсларнинг барча активлари АҚШда музлатилиши лозим, улар билан ҳар қандай битим тузиш ман этилади.

АҚШ Молия вазирлиги таъкидлашича, чекловларни бузиш фуқаролик ёки жиноий жавобгарликка тортилишга, шу жумладан хорижий молия муассасаларига иккиламчи санкциялар қўлланилишига олиб келиши мумкин.