Фермерга тўппонча ўқталган ИИБ ходими, кескин қимматлаган тухум ва гўшт, қишга тайёрланаётган энергетика тизими — 1 октябр дайжести

01.10.2025 22:00 | 9 дақиқада ўқилади.

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Dayjest

Ўзбекистонда сентябр ойида инфляция 0,6 фоиз бўлди. Йиллик кўрсаткич — 8,0 фоиз

Сабзавот ва меваларсиз ҳисоблаганда, сентябр ойида ИМИ 0,5 фоизга ўсди, йиллик кўрсаткич эса 8,9 фоизни ташкил этди. Бу 2024 йил сентябрида қайд этилган 11,8 фоизлик кўрсаткичдан анча паст.

Овқат маҳсулотлари бўйича сентябрда айрим турдаги маҳсулотлар кескин қимматлади. Жумладан, тухум нархи 6,5 фоизга, лаҳм гўшт 1,8 фоизга, суякли мол гўшти 1,7 фоизга, қўй гўшти 1,5 фоизга, парранда гўшти 1,2 фоизга, қуруқ пишлоқ 1,2 фоизга ошди. Шу билан бирга, сут ва сут маҳсулотлари ўртача 0,6 фоизга қимматлади. Айрим маҳсулотларда нарх пасайиши кузатилди: масалан, гуруч 0,4 фоизга, қаймоқли сут 0,3 фоизга, чой 0,2 фоизга, жавдар нон эса 0,1 фоизга арзонлади.

Сабзавот ва меваларда энг катта ўсиш помидор (16,9 фоиз), қалампир (10,4 фоиз), сабзи (7,7 фоиз) ва тарвуз-қовунларда (5–6 фоиз) қайд этилди. Шу билан бирга, пиёз (3,6 фоиз), карам ва бодринг (2,2 фоиз), лимон (1,9 фоиз) ва олма (1,2 фоиз) нархлари пасайди.

Коммунал хизматларда ҳам ўзгаришлар кузатилди. Навоий вилоятида ичимлик суви ва канализация, Қашқадарёда чиқиндиларни чиқариш, Тошкент вилоятида эса иссиқ сув ва иссиқлик учун тарифлар оширилди. Уй-жой таъмири учун сарфланадиган қурилиш материаллари 1 фоизга қимматлади.

 

Ўзбекистонда ўқитувчиларнинг 71 фоизини аёллар ташкил қилади

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2024/2025 ўқув йили бошида умумий ўрта таълим муассасаларида фаолият юритаётган ўқитувчилар умумий сони 564,9 минг нафарни ташкил этди. Бу кўрсаткич 2015/2016 ўқув йилига нисбатан 170,9 минг нафарга кўп бўлиб, ўсиш 43,4 фоизни қайд этди.

Маълумотларга кўра, ўқитувчиларнинг катта қисми аёллар ҳиссасига тўғри келади. Жумладан, 401,3 минг нафар ёки 71 фоизини аёллар, 163,6 минг нафар ёки 29 фоизини эркаклар ташкил этган. Бу таълим соҳасида аёлларнинг етакчи ўрни сақланиб қолаётганини кўрсатади.

Охирги ўн йилликда ўқитувчилар сони босқичма-босқич ошиб борган. Масалан, 2015/2016 ўқув йилида 385 минг нафар бўлган ўқитувчилар 2019/2020 йилда 486,6 минг нафарга, 2023/2024 йилда эса 547,8 минг нафарга етди.

 

Ўзбекистон энергетика тизими қиш мавсумидаги юқори юкламаларга тайёрланмоқда

Ўзбекистонда 2025 йил куз-қиш мавсумида электр энергиясига талаб рекорд даражада ошиши — суткасига 300 млн кВт/soat ва тармоқ юкламаси 13 ГВтдан ортиқ бўлиши кутилмоқда. «Миллий электр тармоқлари» раҳбарининг айтишича, 5 октябрга қадар тизим тўлиқ тайёрланади.

Тошкентда 64 млрд сўмлик инфратузилмани янгилаш дастури амалга оширилмоқда: 319 км кабел алмаштирилади, 48 трансформатор янгиланади. Шунингдек, иситиш мавсуми олдидан 661 уйда таъмирлаш ишлари жадаллаштирилган.

Газ таъминоти учун 330 минг тонна суюлтирилган газ захира қилинган, ҳудудларга 40 мингдан ортиқ баллон тарқатилган. 2030 йилга қадар мамлакатда «яшил» энергетика улуши 25%га етказилиб, қуёш ва шамолдан қўшимча 12 ГВт қувват ишга туширилиши режалаштирилган.

Тошкент ерусти метросининг вақтинча ёпилган бекатлари 18 октябрдан қайта ишга тушади

Метрополитен раҳбарияти маълум қилишича, ишлар якунига етиб бормоқда. Ҳозирда пойдевор инфратузилмаси ва ҳаракат хавфсизлиги билан боғлиқ текширувлар олиб борилмоқда. Йўналишда поездлар айни пайтда синов тариқасида йўловчилaрсиз ҳаракатланмоқда. Бу жараён орқали тизимнинг техник тайёргарлиги ва хавфсизлик кўрсаткичлари баҳоланади.

Агар синовлар муваффақиятли якунланса, «Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги» ерусти ҳалқа йўли бекатлари жорий йилнинг 18 октябридан йўловчилар учун очилиши кутилмоқда. Бу санага қадар метрополитен тизимида зарур хулосалар тайёрланиб, йўналиш фаолияти тикланиши ҳақида қўшимча ахборот ижтимоий тармоқлар орқали эълон қилинади. Шу тариқа пойтахт йўловчилари яқин кунларда йўналишдан яна фойдаланиш имконига эга бўлади.

 

Фарғонада ИИБ ходимлари фермер уйига кириб, унга тўппонча ўқталди

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларга кўра, Фарғона вилоятининг Риштон туманида ички ишлар органлари ходимлари маҳаллий фермер уйига кириб, унга нисбатан босим ўтказган. Хусусан, «Булоқбоши гулшани» фермер хўжалиги раҳбари ҳодиса чоғида унга зўравонлик қилинганини ва ҳатто тўппонча ўқталганини иддао қилмоқда. Унинг айтишича, можаро пайтида онаси ҳам жабрланган.

Фермерўз мажбуриятларини бажарганини, ғалла ҳосилини яширмаганини таъкидлади. Риштон ҳокимлиги фермерлар давлат олдидаги вазифаларини бажариши шартлигини билдириб, видеолар ҳали ўрганилаётганини қайд этди. Шу билан бирга, бошқа бир фермер кимёвий восита топширмагани учун 5 суткага қамалгани маълум қилинди.

Бизнес-омбудсман фермерларга асоссиз тазйиқ ўтказилиши мумкин эмаслигини таъкидлаб, ҳолатни ўрганаётганини билдирди.