Ўзбекистон–Хитой савдоси 21 фоизга ўсди: экспорт камайди, импорт кескин кўтарилди

07:58 | 3 дақиқада ўқилади.

2025 йилнинг январь–август ойларида Ўзбекистон ва Хитой товар айланмаси 9,7 млрд доллардан ошди. Экспорт қарийб 9 фоизга пасайди, импорт эса 27 фоизга кўтарилди.

Xi mirziyoyev

Ўзбекистоннинг Хитой билан савдо айланмаси 2025 йилнинг саккиз ойида 21,1 фоизга ошди ва 9,7 млрд долларни ташкил қилди. Аммо ўсиш асосан импорт ҳисобига қайд этилди.

Ўзбекистондан Хитойга экспорт ҳажми 9 фоизга яқин пасайиб, 1,24 млрд долларгача тушди. Бунинг асосий сабаби саноат маҳсулотлари етказиб бериш 40,8 фоизга камайиши бўлди. Бироқ газ экспорти 24,1 фоизга ўсиб, 494,7 млн долларни ташкил этди. Натижада зангори ёқилғининг умумий экспортдаги улуши қарийб 40 фоизга етди.

Шу вақт оралиғида Хитойдан импорт ҳажми 8,45 млрдга чиқди, бу ўтган йилга нисбатан 27,3 фоизга кўп. Айниқса, июл ва август ойларида импорт сезиларли суръат билан ўсиб, мос равишда 1,32 млрд ва 1,47 млрд долларни ташкил қилди.

Хитойдан химия маҳсулотлари импорти 37,2 фоизга, саноат товарлари 29,4 фоизга, машиналар ва транспорт ускуналари 23,8 фоизга кўпайди.

Эслатиб ўтамиз, сентябр ойи бошида Президент Шавкат Мирзиёев Хитой раҳбари Си Жинпинг билан учрашувда товар айланмасини 20 млрд долларга етказиш, саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб беришни кенгайтириш юзасидан келишувга эришган эди.