Араб ва мусулмон давлатлари ҲАМАСни Трампнинг Ғазо режасини қабул қилишга босим қилмоқда — Bloomberg

08:42 | 3 дақиқада ўқилади.

Саудия, Қатар, Миср ва Туркия каби давлатлар ҲАМАСни Доналд Трамп тақдим этган Ғазо бўйича тинчлик режасини қабул қилишга чақирмоқда. Уларга кўра, урушни тўхтатиш ҳар қандай шартлардан устун.

Hamas

Bloomberg нашрининг ёзишича, АҚШ президенти Доналд Трамп ва Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу тақдим этган 20 пунктли режа араб ва мусулмон давлатлари томонидан қўллаб-қувватланди. Асосий шарт — Исроил қўшинларининг Ғазодан чиқиши ва урушни тўхтатиш.

Саудия Арабистони, Иордания, БАА, Туркия, Қатар, Миср, Покистон ва Индонезия ташқи ишлар вазирлари режани аллақачон маъқуллаган. ҲАМАС эса ҳозирча уни кўриб чиқмоқда. Қатар ва Миср режани ҳаракат раҳбариятига тақдим этди, гуруҳ эса фаластинлик сиёсий фракциялар билан маслаҳатлашмоқда. Трамп ҲАМАСга қарор қабул қилиш учун 3–4 кун муҳлат берди.

Режага кўра, барча гаровдаги шахслар озод этилиши, Исроил Ғазони оккупация қилмаслиги, қурол топширган ҲАМАС аъзоларига амнистия берилиши ва секторни халқаро «Тинчлик кенгаши» назоратидаги вақтинчалик ҳукумат бошқариши назарда тутилган. Шунингдек, Ғазо иқтисодий тикланиши ва кенг кўламли ёрдам олиши кутилмоқда.

Экспертларнинг қайд этишича, режада айрим ноаниқ жиҳатлар бор — масалан, Ғазодаги «Халқаро барқарорлик кучлари»нинг ваколати ва муддати, шунингдек, Фаластин маъмурияти қачон назоратни ўз қўлига олиши масаласи. Бироқ ҳатто урушни қисман тўхтатиш ҳам араб давлатлари учун жиддий ютуқ ҳисобланмоқда.