Никол Пашинян: «Арманистон КХШТдан мустақил бўлди»

10:22 | 2 дақиқада ўқилади.

Арманистон бош вазири Никол Пашинян КХШТ мамлакат хавфсизлигига доир мажбуриятларни бажармаганини айтди ва мамлакат 2022 йилдан ўзини мустақил деб ҳисоблашини билдирди.

Nikol pashinyan

Арманистон бош вазири Никол Пашинян парламентдаги ҳукумат соатида чиқиш қилиб, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) мамлакат учун ўз мажбуриятларини бажармаганини билдирди.

«2022 йилда КХШТ бизга нисбатан ўз мажбуриятларини бажармаслигини англаганимизда, биз мустақил бўлдик. Чунки фақат ўзимизга таяниш мумкинлигини тушундик», — деди Пашинян.

Унинг сўзларига кўра, КХШТнинг хавфсизлик тизими асоссиз «пуфак» бўлиб чиқди ва бу ташкилот Арманистон давлатининг мустақил равнақ топишига тўсқинлик қилган.

2024 йилда Пашинян Арманистоннинг КХШТдаги иштирокини «музлатганини» эълон қилганди. Кейинчалик мамлакат ташкилот фаолиятини молиялаштиришда ҳам қатнашмаслигини билдирди. Бу қарор Қорабоғдаги вазиятига КХШТнинг муносабати ва Арманистон ҳимоясига бепарво қарагани билан изоҳланганди.

Россия расмийлари Ереваннинг қарорини суверен ҳукумат ҳуқуқи сифатида қабул қилган бўлса-да, Арманистон ҳали расмий равишда ташкилотдан чиқмаганини қайд этди.