Исроил ҳарбий кемалари Ғазо учун йўл олган «ёрдам флотилияси»ни тўхтатди

09:03 | 3 дақиқада ўқилади.

1 октябр куни Исроил ҳарбий-денгиз кучлари Ғазога инсонпарварлик юклари олиб кетаётган «ёрдам флотилияси»ни тўхтатди. Унинг ичида экофаол Грета Тунберг ҳам бўлган.

Gaza flotilia

Исроил ҳарбий кемалари Ғазо секторига йўл олган бир нечта кемаларни тўхтатди. Кемаларда Фаластинга қайғурувчи фаоллар ҳуманитар юк етказиб беришни режалаштирган эди.

Исроил ТИВ маълумотига кўра, кемаларга зарар етказилмаган, йўловчилар эса Исроил портларига олиб борилган. «Грета ва унинг дўстлари хавфсиз ва соғ-саломат», — дейилади расмий баёнотда. Бунда гап швед экофаоли Грета Тунберг ҳақида кетмоқда.

Маълумот учун, июн ва июл ойларида ҳам Исроил шу каби уринишларни тўхтатган, кемаларни қайтариб юборган. Грета Тунберг ўша пайтда ҳам флотилия таркибида бўлган.

Ёрдам флотилияси август охирида Барселонадан чиқиб кетган бўлиб, 40 дан ортиқ катер ва қайиқлардан иборат эди. Унда бир неча юз киши қатнашган. Акция ташкилотчилари Исроил таклиф этган Ашдод порти орқали юкни етказиб беришдан бош тортди. Шунингдек, Италия ҳукумати тўхташ ҳақида қилган чақириқ ҳам рад этилди.

Флотилия тўхтатилгандан кейин Рим ва Неаполда фаластинпарвар намойишлар бўлиб ўтди. Норозилар Италия Бош вазири Жоржа Мелонини флотилия фаолларига нисбатан ҳамдардлик билдирмагани учун танқид қилди.