АҚШда шатдаун расман бошланди. 1 октябр куни ярим тунда федерал ҳукумат иши музлатилди. Бу ҳолат янги молиявий йил учун бюджет ҳужжати қабул қилинмагани туфайли юзага келди, деб хабар бермоқда Reuters.
Маълумотларга кўра, ҳар йили АҚШ Конгресси давлат муассасаларининг кўпчилиги учун харажатлар ҳақидаги қонунларни ишлаб чиқади. Бироқ бу жараён кўп ҳолларда молиявий йил бошланишидан олдин тугалланмайди. Шу сабабли парламент одатда вақтинчалик харажатлар тўғрисидаги қонунни қабул қилади ва бу ҳукумат ишида узилишлар юз бермаслигини таъминлайди.
Амалдаги вақтинчалик қонуннинг муддати 30 сентябр куни якунланди. Республикачи ва демократлар эса ушбу қонунни узайтириш бўйича келишувга кела олмади. Президент Дональд Трамп ярим тунга қадар ҳужжатни имзолаши лозим эди, аммо келишув мавжуд бўлмагани сабаб ҳукуматнинг катта қисми пулсиз қолди.
Шатдаун натижасида кўплаб федерал идоралар ўз ишини тўхтатди. Пул етишмаслиги сабаб давлат хизматчилари ишсиз қолиши ёки маошсиз ишлашга мажбур бўлиши мумкин. Оқ уй эса бу ҳолат учун сиёсий рақибларини айблаб, ҳукуматнинг ёпилишини “демократлар иши” сифатида баҳолади.
Муттахассислар шатдауннинг узоқ давом этиши иқтисодий фаолиятга ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини қайд этмоқда.
1976 йилдан буён бу АҚШ тарихидаги 21-ши шатдаун ҳисобланади. Охирги марта эса етти йил олдин, Трампнинг илк президентлик даврида кузатилган бўлиб, у 35 кун давом этган энг узоқ ҳукумат ёпилиши сифатида қайд этилган эди.