Ўзбекистон Марказий банкининг хабар беришича, 2 октябр куни мамлакатда ўлчовли олтин қуймалари нархи кескин ўсди. Бир грамм олтин 1 миллион 547 минг 360 сўмга баҳоланган бўлса, 5 граммлик қуймалар 7 миллион 737 минг сўмдан таклиф қилинмоқда.
Регулятор маълумотларига кўра, 10 граммлик қуйма 15 миллион 474 минг сўм, 20 граммлик қуйма 30 миллион 947 минг сўм, 50 граммлик қуйма 77 миллион 368 минг сўм ва 100 граммлик қуйма 154 миллион 736 минг сўмни ташкил этмоқда.
Жаҳон бозорида ҳам олтин қимматламоқда. Троя унцияси учун қимматбаҳо металл 3 893,30 долларни ташкил этди. Мутахассислар талаб ошишини АҚШдаги ҳукумат ёпилиши билан боғламоқда. 1 октябрдан бошланган шатдаун Конгрессда янги молия йили учун бюджет юзасидан келишмовчиликлар туфайли юзага келди. Бу ҳолат халқаро бозорларда олтинга бўлган қизиқишни кучайтирди.
«Goldman Sachs Group» таҳлилчиларига кўра, агар АҚШ Федерал захира тизими мустақиллигига таҳдид юзага келса, олтин нархи ҳар бир унция учун 5 минг долларгача кўтарилиши мумкин. Шунингдек, ҳатто ғазначилик облигацияларидан олтинга активларнинг оз қисми йўналтирилиши ҳам қимматбаҳо металл нархининг сезиларли ўсишига олиб келиши мумкинлиги қайд этилди.