Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот хизмати маълум қилишича, Мудофаа вазирлиги Бош бошқармаси ҳарбий хавфсизликни таъминлаш ва чақирилувчилар контингенти сифатига таъсир этувчи қонунбузарликларни бартараф этиш бўйича олиб борган ишлар давомида пора олиш ҳолати аниқланган.
Тергов доирасида 2025 йил 23 сентябрда жиноят иши қўзғатилди. Дастлабки маълумотларга кўра, Мудофаа вазирлигига қарашли ҳарбий қисм қўмондони Б.М. ва Ички ишлар вазирлиги қўшинлари ҳарбий қисми хизматчиси М.А. тил бириктириб, фуқаролардан муддатли ҳарбий хизматга қабул қилиш учун 70 мингдан 90 минг сомгача пора олган.
Суриштирув натижалари улар хизматга киришдан олдин товламачилик йўли билан пул талаб қилганини кўрсатди. Пул тўлашдан бош тортган фуқаролар эса турли маъмурий тўсиқларга дуч келган.
2025 йил 26 сентябрда Бишкек шаҳри Ленин туман суди қарори билан гумонланувчи Б.М. икки ойга тергов ҳибсхонасига қамоққа олинди. Махсус хизмат маълумотича, ҳозирда мазкур коррупция схемасида иштирок этган бошқа шахслар ҳам аниқланмоқда ва тергов ҳаракатлари давом этмоқда.