Қозоғистон регулятори Halyk Bank’га Click’нинг 49 фоиз улушини сотиб олишга рухсат берди

15:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Бироқ битимни тўлиқ якунлаш учун Ўзбекистон Марказий банки ҳамда Рақобат қўмитасининг розилиги талаб этилади.

Clikc

Июл ойида Қозоғистоннинг энг йирик молиявий гуруҳи ҳисобланган Halyk Bank Ўзбекистоннинг финтех етакчиларидан бири бўлган Click компаниясининг 49 фоиз акцияларини 176,4 млн АҚШ долларига сотиб олган эди. Аммо битим тўлиқ якунланиши Қозоғистон ва Ўзбекистондаги мувофиқ давлат органларининг рухсатларига боғлиқлиги ҳақида хабар берган эдик.

29 сентябр куни Halyk Bank Қозоғистон регуляторидан Click улушини сотиб олишга рухсат олди. Бу ҳақда Қозоғистон Молия бозорини тартибга солиш ва ривожлантириш агентлиги хабар берди.

Маълумотларга кўра, ҳали Ўзбекистон регуляторлари томонидан расмий рухсат берилмаган.

Келишув шартларига мувофиқ, Halyk Bank Click улушини $176,4 млн эвазига сотиб олади. Шу билан бирга, Click акционерлари Қозоғистондаги Tenge Банкънинг (Halyk Банкънинг шўба корхонаси) 49 фоиз акциясини $60,76 млнга харид қилиши кўзда тутилган.

Мазкур битим амалга ошиши учун Рақобат қўмитаси иқтисодий концентрацияга олдиндан рухсат бериши, Марказий банк эса Tenge Bank устав капиталидаги улуш 20 фоиздан 50 фоизгача ошишига розилик билдириши керак.

Click бош директори Улуғбек Рустамовга кўра, Halyk Bank билан ҳамкорлик хизмат учун янги имкониятлар очади ва чакана банкингда ривожланишнинг янги босқичини бошлайди.

«Биз Tenge Bank билан биргаликда янги авлод банкини қуришни бошлаймиз. Бу биз учун янги бозор, янги жараёнлар ва янги чақириқлар, шу билан бирга янги имкониятлардир,» — деди Рустамов. Унга кўра, тўлов хизмати фаолияти тўхтамайди ва кенгайишда давом этади.