«Oila va gender» илмий-тадқиқот институти томонидан ўтказилган сўнгги тадқиқот натижаларини маълум қилди. Тадқиқотлар сўнгги йилларда Ўзбекистон оилаларида умумий бахтлилик индекси ўсганлигини кўрсатади.
Тадқиқот республиканинг 14 та ҳудудида амалга оширилиб, расмий статистика маълумотлари асосида ҳисобланган. Индекс -1 дан +1 оралиғида баҳоланади. Ўзбекистон бўйича умумий кўрсаткич 2023 йилда +0,56 баллни ташкил этган бўлса, 2025 йилда +0,611 баллга етган. Шу тариқа, икки йил ичида индекс +0,051 баллга кўтарилди.
Институт хулосасида қайд этилишича, бу ўсиш оилаларнинг кўпчилиги ҳаётга кўтаринки руҳ ва келажакка ишонч билан қараётгани, қийинчиликларни эса шукроналик ҳисси билан енгиб ўтаётганини тасдиқлайди.
2025 йил натижаларига кўра, Ўзбекистон оилалари бахтлилигининг асосий уч кўрсаткичи қуйидагича баҳоланди:
демографик барқарорлик — +0,833 балл;
оилавий қадриятларнинг аҳамияти — +0,791 балл;
оилавий ҳаётдан қониқиш — +0,734 балл.
Тадқиқотда таълим олиш имкониятлари (+0,31), иш билан таъминланиш (+0,22), давлат органлари фаолиятидан қониқиш (+0,13) каби йўналишларда ҳам ижобий ўзгаришлар қайд этилган.
Хулосага кўра, оила бахтининг асоси барқарор қадриятлар, самимий муносабатлар ҳамда иқтисодий фаровонлик билан узвий боғлиқ. Шундай экан, ёш оилаларни уй билан таъминлаш, хотин-қизларга таълимда имтиёзлар яратиш ва тадбиркорлик имкониятларини кенгайтириш бу индексни келгусида янада юқори даражага кўтариши мумкин.