Камбағал оилалар учун имтиёзли кредитлар тартиби белгиланди

16:35 | 3 дақиқада ўқилади.

Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини ошириш мақсадида «Камбағал оилалар реестри»га киритилган аҳоли ноутбук, кичик ишлаб чиқариш ускуналари ёки тадбиркорлик учун имтиёзли кредит ажратиш белгиланди.

Kambag'al

Ҳукуматнинг 612-сон қарорига кўра, дастур АТ «Халқ банки» ва «Микрокредитбанк» АТБ орқали амалга оширилади. Кредитлар асосий воситалар, хусусан кўчма дўкон, мотороллер, скутер каби буюмлар учун ҳам берилади. Бу ташаббус «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастурининг амалий давоми ҳисобланади.

Ариза бериш жараёни онлайн тарзда ташкил этилади. Қарз олувчи мустақил равишда ёки зарур ҳолларда «маҳалла еттилиги» кўмаги орқали махсус платформага ариза топшираверади. Аризалар электрон скоринг баҳолаш тизими орқали бир иш куни ичида кўриб чиқишга қабул қилинади.

Кредит беришдан олдин жавобгар ходим аризани беш иш кунида жойига чиқиб ўрганади ва натижа бўйича фотоҳисобот тайёрлайди. Шу асосда кредит ажратиш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади.

Кредит шартлари ҳам аҳолининг имкониятига мос равишда белгиланган. Ноутбук сотиб олиш учун 15 миллион сўмгача кредит беш йил муддатга, икки йиллик имтиёзли давр билан берилади. Шунингдек, тадбиркорликни бошлаш учун қиймати 30 миллион сўмгача бўлган асосий воситаларни харид қилишга ҳам беш йилгача муддат билан кредит ажратилади.

Бу тартиб нафақат камбағал оилаларнинг кундалик эҳтиёжларини қондириш, балки уларнинг ўз бизнесини йўлга қўйишига ҳам хизмат қилади. Натижада аҳоли бандлиги ва турмуш даражаси ошиши кутилмоқда.