Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Остонада Telegram асосчиси Павел Дуровни қабул қилди. Бу ҳақда Оқўрда хабар берди.
Учрашув Павел Дуров иштирок этган Digital Bridge 2025 халқаро форуми доирасида бўлиб ўтган.
Суҳбат давомида таълим, сунъий интеллект ва киберҳавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган.
«Президент Телеграмнинг мамлакатимиз рақамли кун тартибини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш борасидаги фаолиятини юқори баҳолади. Компания расман Astana Hub иштирокчисига айланди, Қозоғистонда ўз офисини очди ва AIem.Ai марказида сунъий интеллект лабораторияларини ишга туширди»,- дейилади Оқўрда хабарида.
Ўз навбатида, Павел Дуров Қосим-Жўмарт Тўқаевга сунъий интеллект соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари ҳақида сўзлаб берган.
Павел Дуров Остонада чиқишини турмуш ўртоқ излаш ҳақидаги ҳазил билан бошлади
«ВКонтакте» ижтимоий тармоғи ва Telegram мессенжери асосчиси Павел Дуров Остонада бўлиб ўтган Digital Bridge 2025 халқаро форумидаги нутқини ўзига рафиқа излаши ҳақидаги ҳазил билан бошлади.
«Севимли мамлакатларимдан бири – Қозоғистонга қайтиш доимо мамнуният бағишлайди. Бу ўзига хос жой. У технологиялар, анъаналар, таълим ва оилавий қадриятларни уйғунлаштиради. АҚШлик дўстларимдан бири, жуда муваффақиятли инсон, менга Қозоғистондан рафиқа топишим кераклигини маслаҳат берди. Жуда кўп муваффақиятли одамлар менга Қозоғистонга келиб ўзига жуфт топишни режалаштирганларини айтишган. Афсуски, мен бу ерга бу мақсадда келмаганман. Мен сунъий интеллект ҳақида суҳбатлашиш учун келдим», – деди Telegram асосчиси.
Тўқаев Alem.аi очилишини эълон қилди
2 октябр куни президент Қосим-Жўмарт Тўқаев Digital Bridge 2025 тадбирида сўзлаган нутқида ғоялар ва инновациялар маркази деб аташ мумкин бўлган Alem.аi лойиҳасининг очилишини маълум қилди.
Шунингдек, форум давомида президент сунъий интеллектдан фақат тинчлик мақсадларида фойдаланиш лозимлигини ва Қозоғистоннинг вазифаси янги технологияларни инсоният фаровонлиги йўлида йўналтириш, уларни тараққиёт ва ҳамкорликнинг асосий омилига айлантиришдан иборат эканлигини таъкидлади.