Бугун, 2 октябрдан бошлаб Ўзбекистондаги барча аэропортларнинг ИКАО (Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг муассасаси бўлган Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти) коди ўзгаради. UT коди ўрнига аэропортларнинг Ўзбекистонга тегишлилигини англатувчи UZ коди қўлланилади. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги қошидаги «Ўзаэронавигатсия» маркази хабар берди.
Айни шу санадан бошлаб мамлакат ҳаво ҳудуди учун ягона ўтиш баландлиги – 13 минг фут ёки тахминан 4 км (аэродром ҳудудидаги ер юзасидан ҳисобланади), шунингдек, ўтиш эшелони – FL150 (FL – парвоз даражаси, 150 – 15 минг фут ёки 4,5 км, денгиз сатҳидан баландлик) жорий этилади. Шу пайтгача бу кўрсаткичлар 6000 ва 8000 фут эди.
Ўтиш баландлиги — бу самолёт баландликка кўтарилаётганда барометрик баландлик ўлчагичнинг атмосфера босими қиймати стандарт босимга (760 мм симоб устуни) қайта ўрнатиладиган баландликдир. Ўтиш эшелони эса – баландлик ўлчагичнинг қиймати аэродром босимига ўзгартирилгандаги шартли парвоз баландлиги (стандарт босим бўйича) ҳисобланади.
Марказда стратегик деб баҳоланган ўзгариш учувчилар ва диспетчерлар ишини енгиллаштиради, радио алоқа сеансларини ва қоидаларни камайтиради ҳамда ҳаво ҳаракатини бошқаришни аниқроқ қилади.
Хабарда таъкидланишича, бу нафақат парвозларни хавфсизроқ қилиши, балки ёқилғи сарфини ва атмосферага чиқиндиларни камайтириш орқали иқтисодий самарадорликни ҳам ошириши керак.