Америка элитаси Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичини тан олишмоқда — Комилов

21:00 | 4 дақиқада ўқилади.

Абдулазиз Комиловга кўра, Мирзиёев ҳокимиятга келгач АҚШ билан янги босқич бошланган.

Abdulaziz komilovФото: Kun.uz

Америка элитасининг барча вакиллари, жумладан сиёсий ва бизнес доиралари, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичини тан олишмоқда.

Ўзбекистон ва АҚШ муносабатлари барқарорлик ва прогноз қилса бўладиган босқичига ўтди. Бу ҳақда президентнинг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси Абдулазиз Комилов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервюсида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, 2017 йилга қадар икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик асосан хавфсизлик ва Афғонистон масалалари билан чекланиб қолган эди. Савдо-иқтисодий соҳадаги натижалар эса кутилган даражада эмас эди. Аммо 2017 йилдан кейин, Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келиши билан янги босқич бошланди.

Таъкидланишича, 2018 йилда Мирзиёевнинг Вашингтонга расмий ташрифи икки мамлакат ўртасида стратегик шерикликнинг янги босқичини бошлаб берди. Бу янги босқич сиёсат, иқтисодиёт, гуманитар ҳамкорлик ва минтақавий хавфсизлик масалаларини қамраб олди. Камиловга кўра, Америка элитасининг барча вакиллари, жумладан сиёсий ва бизнес доиралари, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичини тан олишмоқда.

«Келажакдаги ҳамкорлигимизнинг стратегик жиҳатлари муҳокама қилинган икки президент ўртасидаги ушбу музокараларнинг асосий натижаси шундаки, муносабатлар барқарорлик ва прогноз қилиш мумкин бўлган босқичига ўтди», — деди Камилов.

Шунингдек, у Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош ассамблеясида билдирган ташаббуслари мамлакат миллий манфаатларига асослангани ва глобал аҳамият касб этаётганини таъкидлади.

«Ташаббус ва таклифлар, улар Ўзбекистон Республикасининг ҳаётий муҳим миллий давлат манфаатларига бевосита алоқадор. Нега улар глобал? Чунки Ўзбекистон атрофидаги минтақада мавжуд бўлган бир қатор чақириқ ва таҳдидлар, хавф-хатарларни фақат кенг халқаро ва ҳатто глобал даражада ҳал қилиш мумкин», — деди президентнинг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси.

Шунингдек, Комилов Мирзиёевнинг БМТ Бош ассамблеясида илгари сурган ташаббуслари Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига асосланган бўлиб, улар хавфсизлик, экология, Орол денгизи ва ёшлар масалаларини қамраб олишини қайд этди.

«Шундан келиб чиқиб, президент ушбу глобал ташаббусларни илгари сурди. Унинг диққат марказида биринчи навбатда Ўзбекистон, Ўзбекистон ва яна бир бор Ўзбекистон», — деди расмий.