Путиннинг навбатдаги ёлғони: «Минглаб европаликлар ўз юртларини ташлаб, Россияга кўчиб келмоқда»

23:22 | 4 дақиқада ўқилади.

Путин «Валдай» клубида минглаб европаликлар Россияга кўчиб келаётганини таъкидлади. Ҳолбуки, расмий статистика бунинг аксини кўрсатиб турибди.

Putin valday2

Россия президенти Владимир Путин «Валдай» халқаро мулоқот клуби йиғилишида чиқиш қилиб, Ғарб мамлакатларидан, асосан Европадан, «минглаб инсонлар» Россияга кўчиб келаётганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ҳозирча «оқим» шаклланмаган бўлса-да, бу йўналишда тинимсиз ҳаракат бор. «Бу кўпроқ сиёсий эмас, балки қадриятларга боғлиқ сабаблар билан амалга ошмоқда», — деди Путин.

Путиннинг маълум қилишича, 2 мингга яқин Ғарб фуқароси Россия фуқаролигини олиш учун ариза топширган. У «Ғарбда болаларга қарши гендер терроризми амалга оширилаётгани»ни асосий сабаб сифатида кўрсатди.

«Биз учун инсоннинг қаердан келгани муҳим эмас: агар у биз билан умумий қадриятларга эга бўлса, демак, у — биздан», — деди Кремл раҳбари.

Бироқ, расмий маълумотлар Путин сўзларини тасдиқламайди. Россия Ички ишлар вазирлиги статистикасига кўра, 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида мамлакатга кўчиб келганлар сони охирги 11 йилдаги энг паст кўрсаткичга тушиб кетди. «Ватандошларни ихтиёрий кўчириш» дастури доирасида бор-йўғи 11,6 минг киши Россияга келган. Бу рақам 2014 йилдан буён кузатилмаган паст даражани кўрсатади.

2024 йилда эса бу дастур бўйича бор-йўғи 31,7 минг киши Россияга кўчиб келган, бу эса охирги 14 йилдаги энг паст кўрсаткич бўлди. Солиштириш учун, 2023 йилнинг ўзида Россияга 15,4 минг киши ярим йилда кўчиб ўтган эди.

Мутахассислар Россиянинг ўзига хос «қийинчиликлар тўри»ни асосий омил сифатида кўришмоқда. Фаол Галина Рагозина ҳамда таҳлилчи Михаил Бурда фикрича, Украинага қарши уруш, миграция қоидаларининг қатъийлашуви ва янги фуқаролар учун мажбурий ҳарбий хизмат талабининг киритилиши Россиянинг кўчиб келиш учун жозибадорлигини сезиларли равишда пасайтирган.