Таиланд ҳукумати аҳолининг қариши ва келгусида пенсия таъминотига бўлган хавотир ортиб бораётган бир пайтда янги ташаббусни йўлга қўймоқчи. «The Nation» нашрининг ёзишича, ютуқсиз рақамли лотерея чипталари қийматининг бир қисми махсус пенсия ҳисобларига йўналтирилади.
Бу ҳақда мамлакат бош вазирининг ўринбосари ва молия вазири Экнити Нититҳанпрапас маълум қилди. Унга кўра, механизм ишлаб чиқиш жараёни якунига етган ва тўрт ой ичида жамоатчиликка тақдим этилади.
Лойиҳага кўра, махсус иловалар орқали сотиб олинган ютуқсиз чипталарнинг маблағлари автоматик равишда фуқароларнинг индивидуал жамғарма ҳисобларига тушади. Уларни 55 ёшдан сўнг ечиб олиш мумкин бўлади. 56 ёшдан ошганлар эса яна беш йилгача маблағ тўплашни давом эттириш ҳуқуқига эга бўлади. Жамғарилган маблағлар кредитлар учун гаров сифатида ҳам ишлатилиши мумкин.
Шунингдек, молия вазирлиги пенсионерлар учун йиллик 1 фоиз атрофида даромад берувчи давлат облигацияларини таклиф этишни режалаштирмоқда. Бу уларнинг инвестиция бозорига киришини осонлаштириши кутилмоқда.
Таҳлилчилар фикрича, мазкур ташаббус мамлакат аҳолисининг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш, шу билан бирга келажакдаги пенсия тизимида юзага чиқиши мумкин бўлган хавфларни юмшатишга хизмат қилади.