Илон Маск рақобатчи лойиҳа билан Википедияни «ўлдирмоқчи»

11:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Миллиардер Илон Маск «Grokipedia» номли онлайн-энциклопедия ишга туширилишини эълон қилди. Унинг таъкидлашича, лойиҳа Википедиядан кўра «анча яхшироқ ва тўлиқроқ» бўлади.

Ilon aka

Илон Маск янги глобал онлайн-энциклопедия лойиҳаси — Grokipedia устида иш бошланганини маълум қилди. Унинг айтишича, янги ресурс Википедиянинг «асосий камчиликларини бартараф этиш» ва ундан кучлироқ манба бўлишни мақсад қилади.

Маск йиллар давомида Википедия билан тортишиб келаётган эди. Хусусан, у Доналд Трамп инаугурациясидаги ҳаракатлари ҳақида мақола чиққани учун қаттиқ норозилик билдирган ва ҳатто платформага молиялашни тўхтатишга чақирганди. Шу сабабдан у ўзининг xAI компанияси билан бирга янги рақобатчи лойиҳани ишлаб чиқишга киришди.

Янги сервиснинг асосини Grok чат-боти ташкил этади. У xAI томонидан ChatGPT’га муқобил сифатида ишлаб чиқилган бўлиб, интернетдаги очиқ маълумотлар, жумладан, Twitter’даги постлар асосида ўқитилган. Маскнинг сўзларига кўра, Grok Википедия саҳифаларини таҳлил қилиб, улардаги ҳақиқат, яримҳақиқат ёки ёлғон маълумотларни ажрата олади, ортиқча маълумотларни ўчиради ёки керакли контекст қўшади.

«Grok маълумотни таҳлил қилишда катта ҳисоблаш қудратидан фойдаланади. У саҳифалардаги ҳақиқатни ёлғондан ажратади, хатоларни тузатади, тўлиқ контекст беради. Бу Википедиядан сезиларли даражада кучлироқ бўлади», — дея таъкидлади Маск.