Мирзо Улуғбек ватанида катта анжуман: Самарқанд 2028 йилда Халқаро астронавтика конгрессига мезбонлик қилади

11:10 | 3 дақиқада ўқилади.

Халқаро астронавтика конгресси (International Astronautical Congress) илк бор 2028 йилда Марказий Осиёда ўтказилади ва Самарқанд унинг мезбони этиб танланди.

Anjuman

28 сентябр куни Австралиянинг Сидней шаҳрида ўтказилган IAC Hosts Summit доирасида «Ўзбеккосмос» агентлиги Самарқандни 2028 йилги Халқаро астронавтика конгрессига мезбон сифатида тақдим этган эди.

IAC-2025 йиғилишида Ўзбекистоннинг номзоди Ҳиндистон ва Баҳрайндан устун келди ва Самарқанд мезбон этиб танланди. Бу ҳақда Рақамли Технологиялар вазирлиги хабар берди. Мутахассислар бу қарорни мамлакатнинг халқаро нуфузи ўсиши ва илм-фанга йўналтирилган сиёсатининг эътирофи сифатида баҳоламоқда.

Самарқанд танлови рамзий аҳамиятга эга. Чунки беш асрдан ортиқ вақт олдин Мирзо Улуғбек ташаббуси билан бу ерда дунёдаги энг йирик расадхоналардан бири барпо этилган ва шаҳар илм-фан марказига айланган эди.

«Ўзбеккосмос»нинг фикрича, Самарқандда конгресс ўтказилиши халқаро сармоядорларни илм марказлари, технопарк ва стартаплар яратишга жалб этиб, космик технологияларда янги босқич бошланишига хизмат қилади.

Конгресс доирасида 10 мингдан зиёд меҳмон иштирок этиши ва йирик кўргазмалар ташкил қилиниши кутилмоқда. Таҳлилларга кўра, форум мамлакат иқтисодиётига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин. Масалан, Австралия ушбу тадбирдан 27 млн доллардан ортиқ даромад олган.

Энг асосийси, тадбир ёш авлодда космик илм-фанга қизиқишни ошириши ва янги тадқиқотчиларни тарбиялашга туртки бериши кутилмоқда. Бу эса Мирзо Улуғбекнинг меросини давом эттириб, Ўзбекистоннинг илм-фандаги нуфузини мустаҳкамлайди.