Ўзбекистонда «чиройли» давлат рақамларини кимошди савдосида иштирок этмасдан, «Safe Road» иловаси орқали харид қилиш мумкин.
Аввал аукционга чиқарилган, аммо сотилмаган 1–3-тоифадаги давлат рақамлари очиқ савдога қўйилди. Бу ҳақда «Safe Road» ўз Telegram каналида хабар берди.
Авторақамлар «Uzavtomotobelgi» корхонаси томонидан белгиланган ягона оширилган тўлов асосида берилади. Жисмоний шахслар учун нарх БҲМнинг 17 баравари (7 млн сўм), юридик шахслар учун эса 25 баравари (10,3 млн сўм) этиб белгиланган.
Фойдаланувчи иловада ҳудуд, маъқул рақам, рақам формати (горизонтал ёки квадрат) ва автомобиль двигатели турини танлайди. Кейин қидирув орқали натижалар тақдим этилади. Тўлов жараёни тўлиқ онлайн амалга оширилади.
Ҳозирча хизмат тест режимида ишламоқда. Шу билан бирга, бир вақтнинг ўзида фойдаланувчилар оқими катта бўлгани сабабли ЙҲХХ тизимида носозликлар кузатилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилган.
Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 4 сентябрдаги қарорига кўра, 1 октябрдан «Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси»да чиройли рақамлар аукцион савдоси тўхтатилган эди.