Тошкент шаҳрида уй-жойлар инвестициядан даромад 4,5 баробарга камайди

22.05.2025 18:40 | 2 дақиқада ўқилади.

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти маълумотларига кўра, 2025 йил апрелида Тошкентда кўчмас мулкка инвестиция киритишдан олинадиган даромад 6,2 фоизгача пасайди. Бу ўтган йилнинг шу давридаги 27,8 фоизлик кўрсаткичга нисбатан 4,5 баробарга кам.

Yunusabad

МҲТИ таҳлилларига кўра, кўчмас мулкдан даромад олишнинг асосий манбалари — ижара тўловлари ва нарх ўсиши орқали инвестиция қайтими — сўнгги бир йилда кескин пасайган. 2025 йил апрелида квартира ижарасидан ўртача даромад 8,1 фоиз бўлиб, ўтган йилдаги 10,9 фоизга нисбатан пастроқ кўрсаткич қайд этилди. Кўчмас мулкнинг ўзи эса ўртача 2,4 фоизга арзонлашган.

Инвестиция қайтими туманларга кўра кескин фарқ қилмоқда. Энг юқори фоиз Шайхонтоҳурдаги 1 хонали хонадонларда — 25,1 фоиз, энг паст кўрсаткич эса Мирободда — 0,4 фоиз бўлди. Учтепа, Олмазор ва Юнусобод туманларида хонадонлар нархи 4–7 фоизгача пасайган, бу эса инвестиция фойдасини камайтирди.

Даромадлиликдаги пасайиш 2 ва 3 хонали уйлар учун ҳам яққол кўринмоқда: Яккасаройда бу кўрсаткич 16 фоиз атрофида сақланса-да, Учтепада 2 фоиздан кам даражада бўлди. 4 хонали уйларда эса пасайиш янада билинарли — 3,3 фоиз атрофида.

Айни пайтда миллий валютадаги муддатли депозитлар 22 фоиз билан инвестицияга нисбатан анча фойдали ҳисобланмоқда. Хорижий валютадаги омонатлар эса 5,1 фоизлик даромад бермоқда.