БААнинг йирик авиакомпанияларидан бири Etihad Airways Ўзбекистонга парвозлар учун расмий рухсатнома олди. Бу ҳақда Фуқаролик авиацияси агентлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Янги йўналиш Абу-Даби—Тошкент—Абу-Даби йўналиши бўйича амалга оширилади. Компания рейсларни Airbus A320 ва A321 туркумидаги самолётларда бажаришни режалаштирмоқда.
Etihad’нинг режасига кўра, Тошкент йўналиши 2026 йил 17 мартдан бошлаб йўлга қўйилади. Ҳар ҳафтада олти қатнов амалга оширилади. Бу орқали икки давлат пойтахти ўртасидаги авиаалоқа сезиларли даражада кучаяди.
Компания жорий йил июлида Евроосиёнинг етти шаҳрига парвозлар очиш ниятини билдирган эди. Улар орасида Тошкентдан ташқари Олмаота, Тбилиси, Ереван, Боку, Бухарест ва Мадина ҳам бор.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил кузида Etihad’нинг лоукостери Air Arabia Abu Dhabi Тошкент йўналишига ҳафтасига икки рейс жорий этган эди. Шундан кейин компания Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларига ҳам парвозлар очиш масаласини муҳокама қилган.
Etihad Airways — БААнинг икки йирик миллий авиакомпаниясидан бири бўлиб, Абу-Дабидаги Зойид халқаро аэропортида жойлашган. Унинг парк ҳажми 107 та самолётдан иборат бўлиб, компания 120 дан зиёд йўналишда мунтазам парвозларни амалга ошириб келади.