3 октябр ҳолатига кўра, мамлакат бўйича ипотека кредити олиш учун 43,7 мингта ариза қабул қилинди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Маълумотларга кўра, энг кўп ариза Фарғона вилоятидан йўлланди — 6 мингдан зиёд. Тошкент шаҳри 4,5 мингта ариза билан иккинчи ўринни эгаллади. Самарқанд вилоятидан 4,4 минг, Наманган вилоятидан эса 4,1 мингта мурожаат келиб тушган.
Энг кам фаоллик Сирдарё вилоятида кузатилмоқда, 1,2 мингта ариза келиб тушган.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бу кўрсаткичлар мамлакат бўйлаб ипотека бозоридаги ҳозирги талаб даражасини кўрсатишини қайд этди. Маҳаллий эҳтиёжлар ҳудудлар кесимида турлича шаклланаётгани таъкидланди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон аҳолисига 9,4 трлн сўм ипотека кредити ажратилган эди.