Ўзбекистонда оғир юк машиналари учун алоҳида авторақамлар жорий этилиши мумкин

17:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Шунингдек, уларнинг йўл четида тунда тўхтаб туриши учун жавобгарлик белгиланиши кўзда тутилган.

Yuk

Ўзбекистонда йирик габаритли ва оғир юк ташувчи транспорт воситалари учун янги тартиб жорий қилиниши мумкин. Ички ишлар вазирлиги жамоатчилик муҳокамасига тақдим этган Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасига кўра, 2026 йил 1 январдан оғир юк машиналари ва самосваллар алоҳида давлат рақам белгиси билан рўйхатдан ўтказилиши режалаштирилган.

Ҳужжатда вазни 44 тоннадан ортиқ бўлган юк машиналари ҳамда очиқ конларда фаолият юритадиган ўзиағдарувчи юк автомобиллари давлат рўйхатидан ўтказилиши шартлиги қайд этилган. Улар учун умумий транспорт воситаларига тегишли рақам белгиларидан фарқли тарзда алоҳида рақам белгилари киритилиши таклиф қилинмоқда.

Шу билан бирга, оғир юк ташувчи транспорт воситалари тунда йўл четида тўхтаб туриши мумкин эмаслиги белгиланмоқда. Лойиҳага кўра, бундай қоидаларни бузган ҳайдовчилар белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
Маълум қилинишича, 2024 йилда шу каби ҳолатлар оқибатида 113 та ЙТҲ юз бериб, 47 киши ҳалок бўлган.

Ташаббусдан мақсад — йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, юк ташиш жараёнини тартибга солиш ва йирик габаритли транспорт воситалари ҳаракатини самарали назорат қилишдир.

Ҳозирда лойиҳа муҳокама жараёнида бўлиб, жамоатчилик ва мутахассисларнинг таклифлари ўрганилмоқда. Қарор қабул қилинган тақдирда, янги тартиб 2026 йилдан амалга киритилиши кутилмоқда.