Ваҳимага тушган Исроил «Глобал сумуд» флотилиясида қолган охирги кемани ҳам тутиб олди

20:20 | 5 дақиқада ўқилади.

Туркия ва Европа давлатларидаги фаоллар бугундан бошлаб янада кўпроқ кемалар билан Ғазо томон йўлга чиқиш ҳаракатларини бошлаб юборган.

Sumus

Бугун, 3 октябр куни тонгда Исроил кучлари «Глобал Сумуд» флотилиясида қолган охирги кемани тутиб олди ва шу тариқа Ғазо блокадасини бузишга қаратилган энг йирик денгиз миссиясини тўхтатди. Исроил Полшанинг Marinet яхтасини олти экипаж аъзоси билан қўлга олган. Кема аввалроқ двигател муаммолари туфайли асосий гуруҳдан ортда қолган эди.

Жонли видео тасмада Исроил кучлари Ғазодан тахминан 43 денгиз мили (79 км) узоқликда, Ўрта ер денгизида яхтага бостириб кирганини кўрсатди. Сафар сентабр ойида бошланган миссиянинг якуний нуқтаси бўлди: турли давлатлар байроғи остидаги 40 дан ортиқ кемада 500 дан ортиқ фаоллар, жумладан швед иқлим фаоли Грета Тунберг, Барселонанинг собиқ мери Ада Колоу ва Европа парламенти аъзоси Рима Ҳассан бўлган 40 дан ортиқ кемалар Фаластин анклавига жўнаб кетди.

Ҳафта ўртасидан бери босқинчи Исроил ўнлаб кемаларни тутиб олди, 40 дан ортиқ давлатдан 500 га яқин фаолни ҳибсга олди ва уларни сўроқ қилиш ҳамда кейинчалик депортация қилиш учун Исроилга жўнатди. Айрим маҳбуслар ноқонуний ҳибсга олинганига норозилик сифатида аллақачон муддатсиз очлик эълон қилган.

Ташкилотчилар таҳдидларга қарамай, чекиниш нияти йўқлигини маълум қилди. Marinet капитанларидан бири Ғазога сузиб боришга ваъда берди. Жонли эфирда экипаж 3 октабр куни тонгда эксклав томон йўл олгани кўрсатилган.

Халқаро сувларда кемаларни қўлга олиш БМТнинг денгиз конвенцияларини бузиш ҳисобланади – Исроил қирғоқдан 80 км узоқликда кемаларни тўхтатиш ҳуқуқига эга эмас эди, чунки унинг ҳудудий сувлари 12 денгиз мили (22 км) билан чекланган. БМТнинг Фаластиндаги вазият бўйича махсус маърузачиси Франческа Албанезе бу ҳаракатларни «ноқонуний олиб қочиш» деб баҳолади.

Босқинчиларнинг ушбу ҳаракати кескин халқаро норозиликка сабаб бўлди. Колумбия президенти Густаво Петро Исроил дипломатларини мамлакатдан чиқариб юборди ва савдо битимини бекор қилди, Исроилнинг бу ҳаракатларини «янги халқаро жиноят» деб атади. Германия, Франция, Испания ва Ирландия Тел-Авивдан ушлаб олинганларнинг ҳуқуқларига риоя қилишни талаб этди.

Мазкун «Глобал сумуд» флотияси кичкина кўрингани билан ҳатто Ғазога озиқ-овқат етказа олмасалар ҳам кемаларнинг қуруқ ўзи Ғазо соҳилларига етиб бориши Исроил учун дахшатли ҳисобланади. Бу дегани тўхтатиб қолинган 44 кема ўрнига бундан кейин юзлаб балки минглаб кемалар Ғазога етиб бориши мумкин. Бу гапларни кўплаб сиёсатчилар ҳам қўллаб-қувватламоқда.

Туркия ва Европа давлатларидаги фаоллар бугундан бошлаб янада кўпроқ кемалар билан Ғазо томон йўлга чиқиш ҳаракатларини бошлаб юборган.