Ўзбекистонлик UFC жангчиси Рамазон Темиров антидопинг қоидаларини бузгани учун бир йилга жанглардан четлатилди. Бу ҳақда Combat Sports Anti-Doping (CSAD) ташкилоти расман хабар берди.
CSAD маълумотича, Темировдан олинган намуналарда тақиқланган триметазидин (TMZ) моддаси аниқланган. У юрак касалликларида қўлланиладиган дорилар сирасига киради ва UFC антидопинг дастури (ADP) рўйхатида гормонал ҳамда метаболик модуляторлар қаторида жойлашган. Триметазидин спортчилар томонидан ҳар қандай вақтда ҳам қўлланиши ман этилган.
Темировдан илк намуна 2025 йил 12 июн куни Таиланднинг Пхукет шаҳрида мусобақадан ташқари даврда олинган. Кейинчалик, 4 июл куни иккинчи намуна ҳам худди шу шаҳарда олинган ва иккисида ҳам тақиқланган модда топилган. Биринчи натижа ҳақида спортчи вақтида огоҳлантирилмагани учун бу ҳолат ягона қоидабузарлик сифатида баҳоланди.
CSAD’нинг қайд этишича, Темиров триметазидиндан фойдаланганини очиқ тан олган. У дорини шифокор кўрсатмаси билан қабул қилганини айтган, аммо унинг спортчилар учун тақиқланганини текширмаган ва шифокорига ўзининг тестдан ўтувчи жангчи эканини билдирмаган.
Маълумот ўрнида, Рамазон Темиров UFC доирасда икки бор жанг қилиб, ҳар иккисида ҳам ғалаба қозонган.