Истанбулда олти нафар Ўзбекистон фуқароси маҳаллий полиция томонидан қўлга олинди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси маълум қилинди.
Қайд этилишича, қўлга олинганлар орасида «Жасмин» номи билан танилган блогер ҳам бор. Улар гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ жиноятда гумон қилинмоқда. 29 сентябр куни ушбу шахслар ҳибсга олиниб, Maltepe ёпиқ турдаги жазони ижро этиш муассасасига жойлаштирилган.
Расмий баёнотда таъкидланишича, тинтув тадбирлари давомида айрим ашёвий далиллар топилган ва улар экспертизага юборилган. Ҳозирда маҳаллий тергов органлари иш юзасидан суриштирув ишларини олиб бормоқда.
Ўзбекистон консулхонаси мазкур ҳолатни назоратга олганини ва фуқароларнинг ҳуқуқий манфаатлари таъминланиши учун тегишли чоралар кўрилаётганини қўшимча қилди.
Жиноят ишлари бўйича сўнгги қарор Туркия суди томонидан чиқарилиши кутилмоқда. Тергов якунига кўра, гумонланувчиларнинг айби исботланса, уларни жиддий жазолар кутиши мумкин.